Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) контингентининг илғор бўлинмалари Қозоғистонда «қўйилган вазифаларни бажаришга» киришди. Бу ҳақда КХШТ котибияти хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, Тўқаев 5 январь куни КХШТ давлатлари раҳбарларига Қозоғистонга «террор таҳдиди»ни енгиб ўтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бунга жавобан ташкилот Кенгаши Қозоғистонга КХШТнинг коллектив тинчликпарвар кучларини юбориш тўғрисида қарор қабул қилган. Арманистон бош вазири Николь Пашинян бу ҳақда маълумот берган. Жумладан, у тинчликпарвар кучлар Қозоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида чекланган муддатга юборилишини айтган.

Россия Аэрокосмик кучлари (ВКС) ҳарбий контингентни 6 январь куни Қозоғистонга жўнатишни бошлаган. Россиядан ҳаво-десант бўлинмалари КХШТ тинчликпарвар кучлари таркибига киритилган. Қозоғистонга юбориладиган кучларнинг вазифаси давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, ҳуқуқ ва тартибни сақлаш кучларига ёрдам бериш бўлади. Ҳарбийларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

Таъкидланишича, Қозоғистонга тинчликпарвар кучлар «чекланган вақт» учун йўналтирилади. Улар таркибида Россия, Беларусь , Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон қуролли кучлари бўлинмалари бор. Россия Давлат думаси мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари Александр Шерин КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар амалиёти тахминан бир ой давом этиши мумкинлигини айтган. «Тинчликпарварлар Қозоғистондаги ғалаён қўзғатувчиларни зарарсизлантиришга ёрдам беради», — деган у.

Қайд этилишича, Қирғизистон Қозоғистондаги вазиятга жавобан КХШТ бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини эълон қилган.

«Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров давлат раҳбари ва КХШТ Кенгаши қарорига мувофиқ, Қозоғистон президентининг мурожаати муносабати билан Қирғизистон КХШТ доирасидаги иттифоқчилик мажбуриятларини керакли даражада бажаришини маълум қилди», дейилади ҳукумат матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида, Тожикистон ҳам КХШТнинг Қозоғистонга ёрдам кўрсатиш бўйича операциясида иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

«Тожикистон қардош Қозоғистондаги воқеалар ривожини ҳамдардлик билан кузатмоқда. Биз тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакилларига нисбатан зўравонлик, давлат органларини эгаллаб олиш, талон-торож қилиш ҳолатларини жиддий ташвиш билан қайд этамиз. Биз Қозоғистоннинг донишманд халқи ва унинг раҳбарияти имкон қадар тез мулоқот орқали зўравонлик ҳаракатларига чек қўйишига ишонамиз», дейилади Тожикистон  ТИВ хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, Арманистон Қозоғистонга 70 га яқин тинчликпарвар аскарини юборади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари 2022 йилнинг дастлабки кунларида бошланган. Ўшанда мамлакат ғарбидаги нефть қазиб олувчи Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Оқтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши чиққан, кейин норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга ҳам ёйилган. Олмаотада 4 ва 5 январь кунлари хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар содир бўлган, полиция газ ва гранаталардан фойдаланган. Қозоғистон бўйлаб интернет ўчирилган, бир қатор телеканаллар трансляцияси вақтинча тўхтатилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни Манғистов ва Олмаота вилоятлари, шунингдек, Олмаота ва Нур-Султонда икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилган. Ушбу режим, хусусан, соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати, оммавий тадбирлар, иш ташлашлар ва қурол сотишни тақиқлашни, шунингдек, айниқса, муҳим объектларининг қўриқланиши кучайтирилишини назарда тутади. Ҳудди шу куни фавқулодда ҳолат режими бутун Қозоғистон ҳудудига 19 январгача узайтирилган.

5 январь куни эрталаб Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарган ва республика Хавфсизлик кенгашини бошқариб, биринчи давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни бу лавозимдан четлатган. Бундан ташқари, президент ҳокимият ҳуқуқбузарларга нисбатан имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилишини таъкидлаган ва яқин орада «янги таклифлар пакети билан чиқишга» ваъда берган.

6 январга ўтар кечаси Тўқаев ўз раҳбарлигида Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказган, унда у Қозоғистондаги вазиятни «давлат яхлитлигига путур етказиш» деб атаган ва «террорчилик таҳдидини енгиш» учун КХШТдан ёрдам сўраган. Ўша кечаси КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Тўқаевнинг мурожаати муносабати билан Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисида қарор қабул қилган. Хабар қилинишича, ушбу кучлар ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида чекланган муддатга юборилади.