Қашқадарё вилояти ҳокими ва Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими ўртасидаги тортишувга сабаб бўлган чигит масаласи бўйича Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси ва бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ишга киришди. Шунингдек, чигитни сотган «Oq saroy klaster» МЧЖ раҳбарияти эътиборсизлик туфайли техник чигит ўрнига уруғлик чигит жўнатилганини маълум қилди.

Фото: ЎзА

Қашқадарё вилояти ҳокимининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, «Oq saroy klaster» МЧЖ масъуллари эътиборсизлик сабаб «Maroqand gold oil ekstraksiya»га уруғлик чигитни юклаб, жўнатиб юборган.

Қайд этилишича, вилоятдан чиқишда тўхтатилган юк машинасидаги чигит 2022 йилги пахта ҳосили учун экилиши режалаштирилган уруғлик чигит бўлган. «Oq saroy klaster» раҳбариятига кўра, бундай чигитга кимёвий ишлов берилган бўлиб, ундан ишлаб чиқарилган маҳсулот одамларни заҳарлаши мумкин.

Таъминотчи корхона «Maroqand gold oil ekstraksiya» раҳбарларига бу чигит ўрнига 10 кун ичида техник чигит юклаб бериш бўйича келишувга эришганини ва юзага келган зарарларни қоплаб беришини маълум қилган.

Айни вақтда мазкур масалани Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам назоратга олган бўлиб, чигитни Умекей постидан ўтказилмаётганлиги юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимияти ва вилоят Ички ишлар бошқармасига сўровнома юборган.

Қўмита ўз хабарида 2020 йилда ҳам 3 та вилоятда бу каби ҳолат кузатилганини эслатган. Ўшанда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12 моддаси талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан ҳукуматнинг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоят ҳокимликларига ҳамда ушбу вилоятларнинг Ички ишлар бошқармаларига нисбатан қўмита томонидан 2020 йил 27 ноябрда иш қўзғатилган эди. Шунингдек, қонунчилик талаблари бузилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли уларга нисбатан қўмитанинг қарори қабул қилинган ва кўрсатмаси берилган. Ташкилот шунга қарамай Қашқадарё вилоятида бу каби ҳолат қайта кузатилаётганини қайд этган.

«Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг тегишли корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотлари биржа орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан сотиб олинганлигига қарамай, ушбу чигит маҳсулотларини вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсиқлар борлиги норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан қўмитага ҳам мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари доирасида чора кўриш учун ўрганилмоқда», — дейилган қўмита хабарида.

Шунингдек, бизнес-омбудсман девони ҳам бу ҳолатни ўрганиш ва ишга оид зарур маълумотларни тўплашни бошлаган. Хусусан, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармасига сўров хатлари киритилган.

Шу билан бирга, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги бизнес-омбудсман томонидан 5 январь куни тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли тартибда чора кўриш бўйича огоҳлантирилган.