Коронавирус инфекциясини экспресс текшириш бўйича аниқ кўрсатмаларга риоя қилмаслик нотўғри натижага олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Британия соғлиқни сақлаш хизмати шифокорларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, шифокорлар тест топширишдан олдин қўлларни яхшилаб дезинфекция қилишни маслаҳат берган. Ковид тести учун олинган суюқликни узоқ муддат пробиркада сақламаслик айтилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, экспресс-тестларда аниқ натижага эришиш учун маълум вақт оралиғи талаб этилади. Жумладан, тест натижасини тақдим этувчи жавобнинг кечикиши нотўғри маълумот бериши мумкин.

«Агар йўриқномада кўрсатилган вақтдан кейин тестда деярли сезилмайдиган чизиқ пайдо бўлса, бу ижобий натижа деб ҳисобланмайди», — деган британиялик шифокорлар.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, бурундан ҳам, томоқдан ҳам суюқлик олиш хавфсизроқ усул саналади. Нотўғри бажарилган экспресс-тестлар кўпинча «нотўғри-мусбат» натижага қараганда «нотўғри-салбий» натижа беради, аммо барча қоидаларга риоя қилинса, улар юқори аниқлик даражасига эга.

Аввалроқ ковидга қарши кураша оладиган қон гуруҳлари аниқланганди. Шунингдек, коронавируснинг болаларда кузатиладиган энг хавфли аломатлари ва хитойлик олимлар ковид кимларда кўпинча аломатларсиз ўтишини аниқлагани маълум қилинган.