Навоий вилояти Конимех туманида 23 декабрь куни тилла қумини ноқонуний кавлаб олаётган бир гуруҳ фуқароларни қум босди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Навоий вилояти ФВБ ахборот хизмтаи

Маълум бўлишича, воқеа соат 23:30 атрофида туманнинг Караката ОФЙнинг чўл ҳудудидаги Лолазор номи билан аталувчи конда содир бўлган. Аниқланишича, олтин қумини ноқонуний кавлаб олиш билан шуғулланувчи бир гуруҳ фуқароларни тош-қум босиб қолган.

Воқеа жойига вилоят фавқулодда вазиятлар бўлимининг куч ва воситалари ҳамда ФВДТга кирувчи хизматлар етиб борган. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давоимда бухоролик 5 нафар фуқаронинг жасади топилган ва суд-тиббий экспертизасини ўтказиш учун Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига юборилган.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 5 та техника ва 63 нафар ходим ҳамда ишчи-хизматчи жалб этилган. Содир бўлган фавқулодда вазият бўйича Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Конимех туман тезкор тергов гуруҳи ходимлари ҳамда прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Навоийда тилла қумини кавлаш пайтида 40–50 кишини қум босиб қолгани айтилган хабарга муносабат билдирилганди.