Япония шифокорлар ассоциацияси раҳбари Тосио Накагава мамлакатда коронавирус инфекциясининг олтинчи тўлқини бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Hubino»

Маълум қилинишича, мамлакатда коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари анча юқори ва у ўсишда давом этмоқда. Жумладан, 6 январда Японияда биринчи марта кунига 4475 та янги коронавирус ҳолати аниқланган. Бу ўтган кунга нисбатан қарийб икки баравар, икки кун олдингига қараганда тўрт баробар юқори ҳисобланади.

Окинавада 981 та ковид ҳолат аниқланган бўлса, Ямагучи префектурасида бу 181 та ва Хиросимада 273 та ҳолатни ташкил қилади. Шу билан бирга, ҳафтасига ўртача касалланиш сонининг ўсиши Токиода 3,02 марта, Окинавада 6,95 марта, Ямагутида 11,11 марта, Хиросимада 24,69 мартани ташкил қилмоқда. Уч префектура — Хиросима, Ямагути ва Окинава ҳукуматдан коронавирусга қарши курашда кучайтирилган чора-тадбирлар режимини жорий этишни сўраган.

Японияда пандемия бошланганидан бери 1,74 миллион киши ковидга чалинган, 18,4 минг киши эса вафот этган.

Аввалроқ инсоният ковиднинг янада хавфли штами юзага келишидан огоҳлантирилганди. Шунингдек, коронавируснинг болаларда кузатиладиган энг хавфли аломатлари айтилганди.