Ўзбекистонда талабалар учун қишки таътил муддати узайтирилди
Олий таълим вазирлиги бунинг сабабини маълум қилди
Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида 10–24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.
Шу билан бирга, олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтгани сабаб кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқув жараёнлари барча олий таълим муассасаларида ташкил этилади. Бу жараёнга олий таълим муассасалари ҳузуридаги барча профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар раҳбарлари ҳам жалб этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 24 январга қадар узайтирилди.
Ўз навбатида, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викториналар ташкил этилади.
Талаба-ўқувчиларга уйидан таълим муассасасига қайтиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди. Ва, асосийси, 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.