Қозоғистонда 2 январдан газ нархи ошишига қарши бошланган норозилик намойишлари жаҳон фонд бозорига таъсир қилиб, биткоин нархи тушишига, уран нархи ошишига олиб келди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, биткоин нархи деярли беш фоизга арзонлашган ва 44 минг доллардан сал ошган. Криптовалюта нархининг кескин пасайиши республикада криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича кўплаб объектлар мавжудлиги билан боғлиқ. Буни «CoinDesk» портали маълумотлари тасдиқлайди.

Таъкидланишича, бутун дунёда биткоин қазиб олиш қувватларининг қарийб 18 фоизи жамланган мамлакат яъни Қозоғистонда интернет узиб қўйилган. Бундан ташқари, яқинда мамлакатга Хитойдан криптовалюта майнинги учун 90 мингга яқин компьютер олиб келинган, чунки Хитойда криптовалюталар билан ҳар қандай фаолият ноқонуний деб белгиланган.

Қайд этилишича, Қозоғистондаги воқеалар фонида жаҳон бозорларида уран нархи 8 фоизга ошган. Таҳлилчилар нарх4 январь кунги 42 долларга нисбатан бир фунт учун 45,25 долларгача кўтарилганини маълум қилган.

«Агар қисқа муддатда ҳам уран етказиб беришда муаммо юзага келса, уран эгалари уни сотишни истамайди. Ҳозирда уран таъминотида тақчиллик йўқлигига қарамай, бозор иштирокчилари бунинг учун зарур шарт-шароит мавжудлигидан келиб чиқиб иш кўради», — дейди ураннинг жаҳон нархларини кузатувчи UxM платформас раҳбари Жонатан Хинза.

Қайд этилишича, Қозоғистон жаҳондаги ураннинг 40 фоиздан ортиғини ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, Қозоғистондан уран ишлаб чиқарувчи «Казатомпром» компанияси акциялари 7,64 фоизга арзонлашганини маълум қилган. Мазкур маълумот Лондон фонд биржаси томонидан тасдиқланган.

Ўз навбатида, Қозоғистон ҳукумати суюлтирилган газ ва бензин нархини пасайтирган. Ақтўбе, Атирау ва Манғистов вилоятларида автогазнинг максимал нархи 1 литр учун 50 тенге (чекка туманларда — 55 тенге) этиб белгиланган. Чимкент, Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларида 1 литр учун 60 тенге (чекка туманларда – 65 тенге) нарх ўрнатилган. Олмаотада литри учун 65 тенге, Нур-Султон, Оқмола, Қўстанай, Қарағанда, Павлодар, Шимолий Қозоғистон вилоятларида литри учун 70 тенге (чекка туманларда — 75 тенге). Мазкур нарх ҳукумат томонидан 180 кунга белгиланган.

Бундан ташқари, бензин нархи вақтинча камайтирилган. Аи-80 литри 89 тенге, Аи-92 ва Аи-93 182 тенге, Аи-95 эса 215 тенгедан ошмайди. Дизелнинг максимал нархи Ақмўла, Ақтўбе, Шарқий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 260 тенге этиб белгиланган. Бошқа ҳудудларда литри учун 240 тенге ҳисобланади.

Йирик ва майда шохли ҳайвонлар (олти ой), картошка ва сабзи (уч ой) экспортига тақиқ жорий этилган. Қайд этилишича, бу озиқ-овқат нархини барқарорлаштириш мақсадида қилинган. Шунингдек, коммунал хизматлар учун тарифларни оширишга вақтинчалик мораторий ваъда қилинмоқда.