Қозоғистонда газ нархи ошишига қарши 2 январда бошланган норозилик намойишлари оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди. Митинг иштирокчилари маъмурий бинолар ва автомашиналарга ўт қўйиб, дўкон ойналари ва банкоматларни синдирмоқда, бир қанча йирик савдо марказлари эса талон-торож қилинган.

Фото: «Reuters»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликларни ташқи тажовуз деб ҳисоблаб, бу ҳолатларни келтириб чиқарган террорчи тўдалар хорижда тайёргарликдан ўтганини айтган. Намойишчилар 5 январь куни Олмаота аэропортини эгаллаган ва аэропортдаги дўкон ойналари уриб синдирилган. Бундан ташқари намойишчилар Олмаота полиция бошқармаси биносига бостириб киришга уринган. «Қозоғистон» телеканалининг Олмаотадаги филиали биноси эса ёқиб юборилган, талончилар бульдозер ёрдамида шаҳардаги банкка бузиб кирган.

Ҳолат юзасидан Олмаотада «антитеррор операцияси» бошланган. Унга ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, 50 га яқин ҳарбий техника жалб қилинган. Ҳарбийлар зирҳли техникада погром қатнашчиларини Олмаота марказида қуршовга олган, шаҳарда ўқ овозлари эшитилган.

Таъкидланишича, операцияларга қарамай талончилар Олмаотада 7 та Magnum гипермаркетини бутунлай талон-торож қилиб, яна 7 та дўконга ҳужум қилган. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликлар туфайли мингдан ортиқ одам жабрлангани, 400 киши касалхонага ётқизилгани, 62 нафар киши эса жонлантириш бўлимидалигини маълум қилган. Олмаотадаги тўқнашувларда 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, 353 нафари яраланган.

Бироқ талончилар ҳужуми давом этган. Жумладан, улар Олмаотадаги 5 та телеканалга «МИР», «Қозоғистон», «Хабар», «Евроосиё», «КТК»га ҳужум қилган. Ҳужум вақтида «Қозоғистон» телеканалининг бир ходими енгил тан жароҳати олган. Талончилар қимматбаҳо жиҳозларга зарар етказган, видеокамераларни ўғирлаб кетган. Ҳодиса жойига ўт ўчирувчилар жалб қилинган.

Сўнгги маълумотларда 5 январь куни тунда 245 киши ҳибсга олингани қайд этилган. Кейинчалик 35 киши озод қилинган, улар орасида вояга етмаганлар ва аёллар бор. Ҳибсга олинганлар орасида бошқа мамлакатлар фуқаролари, жумладан, бир нафар россиялик ҳам бўлган. Полиция маълумотларига кўра, қўлга олинганлар жамоат тартибини бузган, ўриндиқларни синдирган, кўчаларга чиқинди улоқтирган. Мазкур тартибсизликлар жараёнида шиша идишда портловчи бомба ва травматик қуроллар топилган.

Олмаота кўчаларида тартибсизлик иштирокчиларини қўлга олиш жараёни давом этмоқда. Олмаотада олтита қурол дўкони талон-торож қилинган.

Атирау шаҳрида эса вазият анча барқарор, майдонда 500 га яқин аҳоли йиғилган, аммо ҳудудда ёнғин ҳолатлари қайд этилмаган. Қозоғистондаги тартибсизликлардан кейин бизнесга етказилган зарарнинг умумий миқдори 92 миллион долларни ташкил этмоқда.