Одатда инқилоб алангасини ёқиб юбориш учун биргина учқун кифоя қилади. Шундоқ ёнгинамизда рўй бераётган воқеалар фонида бугунги рейтингимизни инсоният тарихидаги энг ўчмас инқилобларга бағишлаймиз. Инсоният яралибдики, адолат ва эркинликка интилиш мавжуд ва улкан зиддиятларга қарамай бу ҳолат ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

1. Америка инқилоби (1775–1783 йиллар)

Фото: «Wikipedia»

Мазкур инқилоб Американинг шарқий соҳилларида ташкил этилган 13 инглиз мустамлакасининг Буюк Британия бошқарувидан норозилиги ортидан келиб чиқди. Британия ҳукуматида тегишли сиёсий вакилликнинг йўқлиги, иқтисодий номутаносиблик ва зулм, марказий ҳокимиятнинг минтақадан бир неча минг миль узоқликда жойлашганлиги каби омиллар ғалаёнга замин тайёрлаб борарди. Натижада, 1775 йилда қуролли қўзғолон юзага келди. (Мустақиллик шундан бир йил ўтиб, 1976 йилда эълон қилинди). Қизиғи шундаки, жанговар ҳаракатлар бошланган маҳалда умумий манфаатларга қарамай 13 мустамлаканинг барчаси ўзларини алоҳида ва суверен давлатлар деб ҳисоблар эдилар. Фақат 1781 йилга келиб штатлар конфедерация мақомида бир байроқ остида бирлашдилар. Инқилоб оғир кечди, бирдамликка қарамай, америкалик «исёнчилар» олдида турган вазифа жуда мушкул эди — Британия армияси, шубҳасиз, дунёдаги энг қудратлиларидан эди. Ғалаба билан якун топган инқилоб рақамлар билан таърифлаганда 50 000 дан зиёд америкалик ва 20 000 британияликни ҳаётдан олиб кетган.

2. Америка фуқаролар уруши (1861–65 йиллар)

Иккинчи ўринда ҳам Америка. Ҳудудлараро уруш Америка тарихидаги энг ҳалокатли ҳарбий мусобақалардан бири бўлиб тарихга кирди. Бу уруш ўғилни отага, акани акага қарши қўйган эди. 1800 йилларга келиб, Америка жамияти икки хил ва ўз навбатида рақобатдош минтақавий ҳудудга бўлиниб кетди: шимол ва жанубга. Одамларнинг эҳтиросларини фуқаролар уруши даражасига олиб келган омил эса қуллик масаласи эди. Жануб ишчи кучи нуқтаи назаридан қулликка боғлиқ бўлиб, бу уларда қишлоқ хўжалигига асосланган иқтисодиётнинг (пахта етиштириш ва экспорт қилиш билан боғлиқ) мавжуд бўлишига имкон берарди. Бошқа томондан эса Шимолда қул меҳнати деярли мавжуд эмас бунинг ўрнига ҳукумат ўз фабрикаларида ишлаш ва инфратузилмасини қуриш учун иммигрантлардан фойдаланарди. Авраам Линколннинг президентликка сайланиши билан жанубий штатлар ўзларининг сиёсий таъсирлари жиддий хавф остида қолганини ҳис қиладилар ва АҚШдан ажралиб чиқадилар.

Президент Линкольн буни номақбул деб топди. Кейин янги ташкил этилган Америка Конфедератив штатлари Иттифоққа кураш олиб борди. Иттифоқ дастлаб урушга тайёр эмас эди. Шимол кучлироқ армия ва кўпроқ ресурсларга эга бўлишига қарамай, уларнинг кучлари етарли даражада бошқарилмаганди. Чет эл ёрдамини ололмагани учун (инқилоб даврида америкаликларга инглизларни мағлуб этишга имкон берган элементлардан бири эди бу) Конфедерация қудрати узоқ вақт давомида Шимолда мавжуд бўлган ресурсларга тенглаша олмади. Шундай бўлса-да, жанг қонли эди. Бир миллиондан ортиқ инсон ушбу тўқнашув қурбони бўлди. Кўрилган моддий зарар миллиардлаб долларларни ташкил этди. 4 миллиондан ортиқ қул озодликка эришиб, мамлакат бирлашган бўлса-да, урушнинг руҳий излари чуқур ва чуқур эди ҳамда маълум даражада шу кунгача сақланиб қолади.

3. Ливан фуқаролар уруши (1975–90 йиллар)

Фуқаролар уруши — бу инқилоб сўзининг яна бир таърифланиш усули. Ливан, ўз навбатида, Яқин Шарқ давлати бўлиб, гарчи ҳарбий жиҳатдан аҳамиятли бўлмаса ҳам, минтақадаги изчил тартибсизликларнинг омили бўлган кескинлик қозонига айланган эди. Мамлакатда давом этган 15 йиллик фуқаролар уруши этник ва диний муросасизлик натижаси бўлган. Ҳудуднинг урушдан олдинги тарихи узоқ ва мураккаб. Шуни айтиш кифояки, 1960 йилларга келиб Ливан икки асосий аҳоли блокидан иборат эди: христианлар (улар озчилик бўлсалар-да, ҳукумат ва бошқа муҳим ҳарбий лавозимларни эгаллаб туришган) ва кўпчилик бўлган, лекин насроний озчилик томонидан бирон-бир ҳокимиятни эгаллашдан маҳрум этилган мусулмонлар. Мусулмонлар сафида Фаластин Озодлик Ташкилоти (FLO)нинг собиқ милиция аъзолари сони ортиб бораётганлиги сабабли христиан ҳукумати тобора хавотирга туша бошлади.

Юқоридаги ҳолатга нуқта қўйиш учун улар анчайин кучли қуролланган эдилар. Табиийки, насроний ҳукумати ўз ҳарбий базасидан воз кечиш ғоясини унчалик ҳам хушламади ва мусулмонларнинг Шарқий Байрутда қуролланишига йўл қўймоқчи ҳам эмасди. Шу тариқа фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1990 йилга келибгина якун топган можаро натижасида 200 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Минтақадаги деярли ҳар бир давлат (Иордания, Исроил, Сурия, Эрон ва бошқалар), шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам у ёки бу нуқтада можарога аралашди. Шу тариқа мамлакат иқтисодиёти вайронага айланган ва мамлакат умуман йўқ бўлиб кетиш ёқасида бўлганида Ливанда нотинч тинчликка эришилди. Охир-оқибат мусулмонларнинг кўпчилиги коалицион ҳукумат таркибида кўпроқ ваколатни қўлга киритдилар.

4. Куба инқилоби (1952–58 йиллар)

Фото: «Wikipedia»

60-йиллар Қўшма Штатлар учун нотинч давр эди. Совуқ урушнинг айни гуллаган даврида АҚШ Кубанинг жанубий қирғоқларида ташкил этилган коммунистик ҳукуматдан жиддий хавотирда эди. Фидель Кастро бошчилигидаги Кубанинг коммунистик ҳукумати шу каби кўплаб ҳукуматлар сингари инқилоб оловида ўрнатилган. 1950 йиллардаги Куба халқ орасида унчалик машҳур бўлмаган диктатор Фульхенсио Батиста қўлида эди. 1952 йилдан 1958 йилгача бўлган даврда Фидель Кастро ва унинг қўзғолончилар гуруҳи (бир қатор анти-Батиста гуруҳларидан бири) тоғлардан туриб ҳукуматга қарши кучли партизан кампаниясини олиб боришди. Аммо ҳарбий ғалабалар Кастро учун муваффақият омилларидан бири эди. У ўз ҳаракатларини халқаро қўллаб-қувватлаш тармоғини яратишга муваффақ бўлди. Айнан шу халқаро қўллаб-қувватлаш Батистани унинг тузуми буткул мағлубиятга юз тутганлигига ишонтирди. Кастро президентлик вазифасини ўз зиммасига олди ва мамлакатда коммунистик ҳукуматни ўрнатиш йўлидан борди. У АҚШ билан алоқаларни узди ва АҚШнинг Куба ишларидаги мавжуд таъсирини деярли тўхтатди.

5. Эрон инқилоби (1978–79 йиллар)

Яқин Шарқ ҳар доим инқилоблар ўчоғи бўлган. Сўнгги йилларда доимий равишда халқаро ҳамжамият диққати марказида бўлган Эрон 70-йилларда ҳам ана шундан қизғин нуқталардан бири эди. 60–70-йилларнинг аксарият қисмида Эронни Муҳаммад Ризо Шоҳ Паҳлавий бошқарган. У 60 йилларнинг бошларида кенг қамровли ислоҳотларни бошлаб юборади («Оқ инқилоб») ва бу халқдаги анъанавий диний ҳокимият ва таъсирни кескин чеклади. Шоҳнинг кўпроқ дунёвий тузумга мойиллиги АҚШнинг бу режимга молиявий ёрдам беришига сабаб бўлди. Бироқ, афсуски, унинг ислоҳотлари Эрон руҳонийлари ёки мамлакатдаги бошқа кўпчилик вакиллари томонидан яхши кутиб олинмади ва норозилик ҳаракатлари вужудга кела бошлади. Мана шундай норозилик ҳаракатларидан бирининг раҳнамоси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний эди. Оятуллоҳ (сўзма-сўз таржима қилганда «Худонинг совғаси») 1963 йилдаёқ шоҳ ҳукуматига қарши норозилик кайфиятини кучайтира борди. У, айниқса, Ғарб ва, хусусан, АҚШнинг Эрон ишларига таъсирини танқид қилди.

Тезда мамлакатдан сургун қилинган бўлишига қарамай Оятуллоҳ дастлаб Ироқ, кейин эса Франциядан туриб инқилоб уруғини экишда давом этди. Вазият 1978 йилда ҳукумат хавфсизлик кучлари томонидан намойишчиларнинг (тахминан 20 000 киши) ўққа тутилиши натижасида кескинлашди. Мазкур кун тарихга қора жума номи билан кирган. Бир неча юз талаба ҳалок бўлди, яна минглаб талаба жароҳатланди. Бир неча ой ичида намойишчилар бутун мамлакат бўйлаб ғалаён кўтариб, ғарбнинг «декаданцияси» ҳисобланган ҳар қандай унсурга (ичимликлар дўконлари, банклар, давлат муассасалари ва бошқалар) ҳужум қила бошладилар. Ниҳоят, норози аскарлар исён кўтариб, шоҳ гвардияси офицерларига ҳужум қилишди. Ниҳоят, 1979 йилда шоҳ Оятуллоҳ Ҳумайнийни ва унинг исломий давлат қуриш режаларини ортда қолдириб, мамлакатни тарк этди — оламдан ўтди. Орадан кўп ўтмай, АҚШнинг Эрондаги элчихонаси жангарилар томонидан эгаллаб олинди (АҚШ шоҳни қўллаб-қувватлагани учун) ва у ерда тайинланган ходимларни гаровга олди. Давоми эса, шубҳасиз, узундан узоқ тарих.

6. Миср инқилоби (2011 йил)

Фото: «AFP»

Миср деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида пирамидалар тасвирлари ва фиръавнларнинг ҳикоялари гавдаланади. Албатта, Қўшма Штатлар назарида Ҳусни Муборак бошчилигидаги Миср ҳукумати беқарор минтақада барқарорлик ўлчови эди. Бироқ 2011 йилда дунёнинг турли бурчакларидан туриб эфирга узатилган мамлакатдаги инқилоб тасвири аслида бундай эмаслигини билдириб қўйди. Дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари раҳбарлари сингари Миср президенти Ҳусни Муборак ҳам хорижда машҳур бўлиб, ўз юртида у қадар ҳам хушланмасди. Муборак 1981 йилда Анвар ас-Садат ўлдирилиши ортидан президентлик лавозимини эгаллаганидан буён Миср президенти лавозимини эгаллаб келаётганди. Унинг ҳукмронлиги даврида Миср расман ҳарбий ҳолат остида эди (бу ҳаракат ас-Садат ўлдирилганидан кейин бошланган ва ҳеч қачон тугатилмаган). Бу Муборакка мамлакат устидан алоҳида ваколатлар берган ва улар ўта автократик тарзда ишлатилган. Унинг ҳукуматига қарши ҳар қандай мухолифат у ёки бу шаклда жим қилинарди. Муборак, шунингдек, диний фундаментализмга ҳам кескин қаршилик кўрсатди, бу эса, ўз навбатида, асосан диндорлардан ташкил топган аҳолини ғазаблантирди. Партизанлар урушига ўхшаш зўравонлик Муборак режимининг вақти-вақти билан хуруж қиладиган муаммосига айланди. Мавжуд режимидан норозилик 2011 йил январь ойида умуман кутилмаганда содир бўлган халқ қўзғолони билан якунланди. Ажабланарлиси шундаки, бу қўзғолон бошқа шунга ўхшаш қўзғолонлардан фарқли равишда қонсиз эди. Намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги бир неча майда тўқнашувлар бундан мустасно (талафотлар бор-йўғи бир неча юз киши) — Муборак ҳукмронлигининг қулаши Мисрнинг йирик шаҳарларида ўтказилган оммавий намойишлар натижаси бўлди.

7. Босния фуқаролар уруши (1992–95 йиллар)

Собиқ Шарқий Европа давлати Югославияда бошланган фуқаролар уруши НАТО ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ва тинчликни сақлаш вазифаси юкланган Америка Қўшма Штатлари кучлари) иштирокидаги яна бир ҳарбий ҳаракатлар эди. Совет Иттифоқининг парчаланиши Шарқий Европада сиёсий бўшлиқ юзага келишига сабаб бўлди, бу ҳудудда Совет ҳукмронлигидан олдин мавжуд бўлган минтақавий адоватнинг кўп қисмини қайта қўзғатди. Боснияда ҳам шундай бўлган. Босния Югославия Социалистик Федератив Республикасини (Хорватия, Македония, Черногория, Сербия ва Словения қолган бешта) ташкил этган олтита республикадан бири эди. Мамлакат муҳим этник кўпчиликка эга бўлган бошқа республикалардан фарқли ўлароқ мусулмон славянлар, серблар ва хорватлар тенг даражада кўп аҳолидан иборат бўлиб, ҳар бир томон Сербия ёки Хорватиядан ёрдам олган. Сербия ҳарбий кучлари (яхшироқ ўқитилган ва жиҳозланган) Босниянинг 70 фоизга яқинини назорат қилишга муваффақ бўлди. Кейинчалик серблар ўзлари назорат қилган ҳудудларни серб бўлмаган барча халқлардан тозалаш учун катта этник тозалаш кампаниясини бошладилар. Хорватлар эса ўзларининг собиқ мусулмон иттифоқчиларига қарши ҳужум бошладилар – ҳар икки томон этник тозалашнинг ўзига хос версияларини амалга оширди. Мазкур ваҳшийликлар ортидан 200 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди. Оммавий қотиллик ва зўрлаш, ўн минглаб одамларнинг замонавий концлагерларга жойлаштирилиши ва қатл қилиниши (асосан мусулмонлар), қийноқлар, ниҳоят, NATO ва БМТ аралашуви билан барҳам топади.

8. Косово қўзғолони (1997–99 йиллар)

Косоводаги можаро, агар ҳақиқатан ҳам масаланинг тубига назар ташланса, серблар ва албанлар ўртасидаги этник зиддият билан боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, улар бир-бирларини умуман ёқтирмайдилар. Шунга қарамай, Косово серблар учун этник жиҳатдан муҳим бўлган (Суверен Сербия ва Черногория давлатида жойлашган) ҳудуд бўлиб қолади. Ва, шу билан бирга, Косово аҳолисининг 80 фоизини албанлар ташкил қилади. Табиийки, албанлар бутун Сербия ва Черногория воқеаларининг бир бўлаги бўлмасликни афзал кўришади ва бунинг ўрнига ўзларининг суверен давлати бўлиши ёки суверен Албания давлатига қўшилиш истагини билдиришди. Албатта, Косоводаги озчилик серб аҳоли ҳам, Косово таркибига кирган давлат ҳам бунга рози эмас. Шу мақсадда 1997 йилда Косово албанлари қўлларига қурол олиб, масалани куч билан ҳал қилишга қарор қилишди.

Ўзларини Косово озодлик армияси деб атаган жангарилар серб нишонларига ҳужум қилишга киришдилар. Бунга жавобан Сербия кучлари косоволик албанларни ёки умуман ўзлари муаммо туғдириши мумкин деб ҳисоблаган ҳар қандай одамни оддийгина қириб ташлаш кампаниясини бошладилар. Зўравонликлар юзлаб Косово албанларининг ўлимига олиб келди ва 200 000 дан ортиқ одам (албанлар) ўз уйларини тарк этдилар. Серб қўшинларининг шафқатсизлиги кўпчиликни тепаликларда исёнчиларга қўшилишга ва жанг қилишга ундади. 1999 йилга келиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти серб кучлари Косово албанларини (тахминан 1,5 миллион киши) бутунлай қириб ташлаш орқали геноцид қилиш ниятида эканлигига ишонч ҳосил қилди. NATO ҳарбий (жумладан, АҚШ) кучлари можарога аралашди ва охир-оқибат ҳарбий ҳаракатларни тугатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу вақтга келиб, 4000 дан ортиқ албан ҳалок бўлган ва 600 000 косоволик албанлар кўчирилган эди (уларнинг аксарияти БМТ тинчликпарвар кучлари ҳимояси остида қайтиб келган). Косово Югославия суверенитети остидаги ҳудуд бўлиб қолди, лекин энди у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳимояланган ҳудуди эди.

9. Чечен инқилоби (1994–96 йиллар)

Ўтган аср охирида Яқин Шарқдан ташқари Шарқий Европа ҳам инқилоблар қозонига айланди. Чеченистон Шарқий Европанинг кичик ҳудуди бўлиб, у 1800-йилларнинг бошларида қўзғолон тарихига эга. Совет Иттифоқининг қулаши (ёки ўша пайтда парчаланиши) билан Чеченистон ҳукумати 1991 йилда Совет Иттифоқидан мустақиллигини эълон қилиш учун вақт етди деган хулосага келди. Ўша пайтда СССР ҳукумати бошқа долзарброқ муаммоларга дуч келаётган эди. Нисбатан осойишталик даври ниҳоят 1994 йилда рус қўшинларининг Чеченистонга бостириб кириши билан якунланди. Чечен ҳукумати ағдарилди ва руслар қўғирчоқ режим ўрнатдилар. Шунга қарамай, қўзғалончилар кейинги икки йил давомида русларга қарши курашни давом эттирдилар. Ниҳоят, 1996 йилда тинчлик келишувига эришилди, бу эса Чеченистонга ажралиб чиқмасдан ва суверен давлатга айланмасдан Россия Федерацияси таркибидаги автоном бирлик бўлиш имконини берди. Можаронинг охирига келиб, 40 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (асосан чечен фуқаролари) ва 300 000 дан ортиқ қочқин ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

10. Интифада (1987–93 ва 2000–2004 йиллар)

Фото: «Getty Images»

Исроилда ҳукумат ва фаластинликлар ўртасида давом этаётган кураш узоқ йиллик тарихга эга. Гап шундаки, Фаластин халқи Исроилдан ташқари мустақил давлатга эга бўлишни истайди. Умуман олганда, баҳсли ҳудудлар Ғарбий Соҳил ва Ғазо бўлаги бўлиб, бу иккала ҳудуд ҳам 1967 йилги Олти кунлик уруш пайтида қўлга олинмагунча Фаластин назорати остида эди. Исроил, ўз навбатида, уларни қайтариб беришга мойил эмас. Биринчи интифада (арабча атама бўлиб, «ташлаб юбориш» маъносини билдиради) Исроил ҳукмронлигига қарши фуқаролик итоатсизлиги намойиши сифатида бошланди. Фаластинликлар Исроил ҳарбийлари ва фуқаролик объектларида терроризм деб аталмиш тактикага мурожаат қилишди. Исроил эса бунга, ўз навбатида, иқтисодий санкциялар, оммавий қамоқлар ва, албатта, ҳарбий қасос билан жавоб берди. Ҳар икки томондан жуда кўплаб қурбон берилди.

Доимий зўравонлик ҳар икки томондан бироз соғлом фикрга эга бўлишни ва урушни тугатиш учун дипломатик ечим излашни талаб қилди. Бу истак 1993 йилдаги Осло келишувига олиб келди, у Ғарбий Соҳилдаги Ерихо шаҳрида (кейинчалик келишув Ғарбий Соҳилнинг кўп қисмини қамраб олган ҳолда кенгайтирилди), шунингдек, Ғазо сектори ҳудудида Фаластиннинг ҳукмронлигини таъминлади. Бу бирмунча вақт тинчликни таъминлаб турди. 2000айилда муваффақиятсиз якунланган тинчлик саммити навбатдаги қўзғолонга олиб келди. Ал-Ақсо интифадаси деб аталадиган бу тўқнашув аввалгиси билан деярли бир хил сценарий асосида кечди. Фаластинликлар Исроил ҳарбийлари ва фуқаролик объектларига ҳужум қилишди ва Исроил ҳарбийлари бунга шафқатсизларча жавоб қайтарди. Бундан ташқари, Исроил назоратини Фаластин маъмуриятига топширган ерларини қайтариб олди. 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу можаролар бугун ҳам тўхтагани йўқ ва балки ХХI асрнинг ҳам муаммоси бўлиб қолади.

Бизда ҳозирча шулар. Дунёда тинчлик бўлсин деб қоламиз. Яна рейтинглашгунча!