Бельгия пойтахти Брюсселда 12 январь куни ўтказилиши режалаштирилган Россия–NATO кенгаши йиғилишининг тафсилотлари маълум қилинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, икки томонлама музокара Брюссел вақти билан эрталаб соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 14:00) бошланади.

Таъкидланишича, уч соатга яқин давом этадиган учрашув якунлари бўйича NATO бош котиби Йенс Столтенберг матбуот анжумани ўтказади. Россия томонидан ташкилот билан музокарада Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг идоралараро делегацияси иштирок этади. Столтенбергнинг айтишича, музокараларнинг асосий мавзуси Европа хавфсизлиги масалалари бўлади.

Маълумот ўрнида, Альянсни кенгайтирмаслик мавзуси бўлажак Россия–NATO музокарасининг асосий масалаларидан бири бўлиши маълум қилинганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг сўзларига кўра, мамлакат Россия чегараларида NATO қуроллари бўлмаслиги кераклигини ҳам муҳокама қилади. «Россия позициясининг моҳиятини ҳали тушунмаганлар биз нима ҳақида гаплашмоқчи эканимизни аниқ билиб олиши керак», — деб таъкидлаган Россия ТИВ вакили.

Таъкидланишича, Россия ўтган ҳафта АҚШ билан шартнома ва NATO’га аъзо давлатлар билан келишув лойиҳасини эълон қилган. Ҳужжатлар, хусусан, Европада ўзаро хавфсизлик кафолати, ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни бир-бирига яқин бўлган ҳудудга жойлаштирмаслик ва NATO’ни собиқ иттифоқ республикалари ҳисобидан янада кенгайтиришдан бош тортиш тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Аввалроқ NATO бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг Россия билан мулоқотга киришиш шартларини маълум қилганди. Шунингдек, ташкилотнинг тезкор ҳаракат кучлари юқори тайёрлик ҳолатига ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.