Самарқандда эркак қўшнисини бошига болта билан уриб ўлдирди
Улар ўртасида олдиндан келишмовчилик бўлган
Самарқанд вилояти Ургут туманида 31 декабрь куни эркак қўшнисини келишмовчилик сабаб бошига болта билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, туманда жойлашган «Деҳқонобод деҳқон бозори» яқинида 30 ёшли эркак Б.Х. қўшнисини болта билан бош ва бўйин соҳасига икки маротаба уриб ўлдирган. Қайд этилишича, улар ўртасида олдиндан келишмовчилик бўлган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, жабрланувчи 3 январь куни вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-(Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 70 ёшли ота ўғлини болта билан чопиб ташлагани хабар қилинганди. Қайд этилишича, ўғил маст ҳолда отасидан пул талаб қилиб, жанжал кўтарган ва отаси уни болта билан уриб ўлдирган.