Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 6 январь куни телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, суҳбат давомида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги вазият, хусусан, Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашди.

Президентлар Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган барча чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирди. Шу билан бирга, давлат раҳбарлари вужудга келган ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб, зўравонлик ва вазият кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Мирзиёев 6 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган.