13:22 | 06.01.22 117

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди

Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, суҳбатда давлат раҳбарлари Ўзбекистон–Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, минтақадаги вазият, шу жумладан, қўшни Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашилган.

Икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Давлат раҳбарлари минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бундан буён ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қаратишга тайёрлигини билдирган.