Шимолий Корея янги ҳарбий қуролни синовдан ўтказди

Шимолий Корея янги турдаги гипертовушли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда мамлакат расмий ахборот агентлигига таяниб, «Anadolu» хабар берди.

Фото: «KCNA»

Маълум қилинишича, гипертовушли ракеталар соҳасидаги синовларда эришилган изчил муваффақиятлар стратегик аҳамиятга эга бўлиб, улар давлат қуролли кучларини модернизация қилишни тезлаштиради.

Таъкидланишича, мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг синовларда иштирок этган ёки этмагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Аммо ҳукмрон партия Марказий қўмитаси синов натижаларидан «жуда хурсанд» экани хабар қилинган.

Маълумот ўрнида, Жанубий Корея Шимолий Корея қисқа масофали ракета учирганини маълум қилганди. Келтирилишича, мазкур маълумот Сеулда Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида эшиттирилган. «Дастлабки маълумотларга кўра, Шимолий Корея Япония денгизида қисқа масофали ракета учирди», дейилган хабарда.

Таъкидланишича, Жанубий Корея ҳарбийлари ҳолат юзасидан қўшимча таҳлил ўтказаётгани айтилган. Корея президенти Мун Чже Ин КХДРнинг Кореялараро муносабатлар ҳақидаги сўнгги баёнотларини ҳар томонлама таҳлил қилишни буюрган ва Шимолнинг ҳаракатларидан хавотирда эканини айтган.

Маълумот учун, Япония Шимолий Кореянинг ракета учирганига норозилик билдирган. Шунингдек, мамлакат бош вазири Ёсихидэ Суга КХДР Япон денгизи томон ракеталар учирганини, расмийларга кўра, улар баллистик эканини айтган. Япония ҳукумати раҳбари ракеталар мамлакатнинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисига тушганини қайд этган.

Аввалроқ Шимолий Корея узоқ масофага учувчи янги қанотли ракетани синовдан ўтказганди. Шунингдек, мамлакат тунда ҳарбий парад ташкил қилган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз