«Толибон» ҳаракати афғон аёллари билан боғлиқ кўрсатма берди

Афғонистонда «Толибон» ҳаракати томонидан ташкил этилган Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аёллар учун ҳижоб қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда «Aamaj News» маълум қилди.

Фото: «Global Citizen»

Таъкидланишича, кўрсатмада «Толибон» ҳаракати нуқтаи назаридан шариат бўйича ҳижоб қандай бўлиши кераклиги аниқ кўрсатилган. Унга кўра, аёллар фақат паранжи ёки бурқа — уларнинг юзини тўлиқ ёпадиган узун либос кийиши таъкидланган. «Шариат қоидаларига кўра, мусулмон аёл ҳижобга риоя қилиши шарт», дейилади кўрсатмада.

Афғонистонда ҳокимиятни назоратга олгач, «Толибон» ҳаракати аёллардан ҳижоб ўрашни талаб қилишини айтган. Бироқ улар бу тушунча билан нимани назарда тутаётганига аниқ таъриф бермаган. Кейинроқ Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги раҳбари шайх Муҳаммадхолид Ҳанафий афғон аёллари бурқа ёки паранжи кийиши кераклигини айтган. Эндиликда эса унинг ушбу баёноти Афғонистонда мажбурий кўрсатмага айланган.

Маълумот ўрнида, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Жузжон вилоятида қимор, маҳр, қўшиқ ва гиёҳванд моддаларни тақиқлаганди. Маълум қилинишича, ушбу қарор маҳаллий ҳукумат томонидан тасдиқланган бошқа амалларни тарғиб қилиш учун уламолар, хатиблар, оқсоқоллар ва ёшлар вакиллари билан келишилган ҳолда қабул қилинган. Маҳаллий бўлим бошлиғи Мавлавий Холиднинг айтишича, қарор аҳолининг исломий масалалар бўйича билимини оширишга хизмат қилади.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида телевидение ва радиода аёл бошловчиларнинг чиқишини тақиқлаганди. Шунингдек, ҳаракат Ғазни вилоятида ҳам радиода аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз