Тошкентдаги «Чилонзор» метро бекатида синов тариқасида ҳожатхона қурилмоқда ва бу тажриба ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам ҳожатхона қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «metronine.osaka»

Корхона берган баёнотда ҳожатхоналар, она ва бола хоналари нафақат Тошкент метрополитенида, балки дунёнинг аксарият метрополитенларида мавжуд эмаслиги айтилган. Бу йўловчиларнинг метродан фойдаланиш вақти аксарият ҳолларда кам бўлиши билан изоҳланган. Қайд этилишича, Тошкентда метро йўловчилари энг узоқ манзилга ўрта ҳисобда 40–50 дақиқа атрофида етиб боради.

«Бироқ шунга қарамай меъёрий лойиҳа хужжатларига ўзгартиришлар киритилган ҳолатда ‘Чилонзор’ метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилмоқда, агарда бу ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам амалда тадбиқ этилиши кўзда тутилган», — дейилган корхона баёнотида.

Бундан ташқари, корхона ер ости бекатларида киши соғлиғига таъсир кўрсатувчи босим борлигини инобатга олган ҳолда барча бекат навбатчилари биринчи ёрдам кўрсатиш маълумотига эгалигини ва барча бекатлар биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари билан таъминланганини қайд этган. Шунингдек, зарур вақтларда тез ёрдам ишчи ходимлари чақиртирилиши, метрополитеннинг «Пахтакор» ва «Минг Ўрик» бекатларида тиббий пунктлар мавжудлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туризм ва спорт вазирлиги масъуллари Ўзбекистонда Халқаро ҳожатхоналар саммитини ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун World Toilet Organization экспертларини мамлакатга таклиф қилганди.