Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари ва тартибсизликлар фонида бир қанча амалдорларни лавозимидан четлатди.

Тўқаев дастлаб 5 январь куни Асқар Мамин ҳукумати истеъфосини қабул қилган. Фармонда ҳукумат аъзолари янги вазирлар маҳкамаси шакллантирилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этиши белгиланган. Бундан ташқари, Алихон Смоилов бош вазир вазифасини бажарувчи, бунгача президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Ерлан Карин эса республика давлат котиби этиб тайинланган.

Қозоғистон президенти юзага келган вазиятда «асосий айбдор» ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, «КазМунайГаз» ва «QazaqGaz» эканини айтган.

Шунингдек, давлат раҳбари фармони билан Мурат Нуртлеу Қозоғистон президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимидан четлатилиб, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. ОАВнинг ёзишича, у Нурсултон Назарбоевнинг жияни — Самат Абиш ўрнига тайинланган. Бироқ Оқўрда сайтида Абишнинг лавозимдан четлатилиши ҳақидаги фармон келтирилмаган.

Қозоғистон президенти марказий телеканаллар орқали 5 январь куни халққа қилган мурожаатида Хавфсизлик кенгашига раислик қилишини эълон қилган, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни эса бу лавозимдан четлатган.

Қозоғистон етакчиси оммавий норозилик намойишлари фонида кўрилган чоралар етарли эмаслигини таъкидлаб, тартибсизликлар ортида «пухта ўйланган режа»га эга «молиявий мақсадли фитначилар» турганини айтган.

«Шу сабабли, давлат раҳбари сифатида ва бугундан бошлаб Хавфсизлик кенгаши раиси имкон қадар қаттиққўллик билан ҳаракат қилиш ниятида», — деган янги лавозимига киришган Тўқаев.

Назарбоев қарийб 30 йил давомида президент мақомида Хавфсизлик кенгашига раҳбарлик қилган. 2019 йилда у давлат раҳбари лавозимини тарк этгач, Хавфсизлик кенгаши раислиги унинг учун асосий лавозимга айланган.

Тўқаев навбатдаги ўринда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимовни лавозимидан озод этган. Президентнинг бошқа фармони билан бу лавозимга Ермек Сагимбаев тайинланган.

Шунингдек, Қозоғистон президенти буйруғи билан Миллий хавфсизлик қўмитаси «А» махсус бўлинмаси директори Ануар Садиқулов ўз лавозимидан четлатилган, унинг ўрнини Берик Кунанбаев эгаллаган.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Сакен Исабековнинг фаолияти тўхтатилган, бу лавозимга Чингиз Аринов тайинланган. Исабеков Давлат хавфсизлик хизматлари бошқаруви лавозимига кўтарилган.

Шу билан бирга, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари, махсус қўшин қўмондони ҳамда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги лавозимида четлатиш ва тайинловлар амалга оширилган.