Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров  7 январь куни Тошкентдаги «Минор» жоме масжидида жума суҳбатларини ўтказди. Муфтий маърузаси давомида қўшни Қозоғистондаги нотинч вазият ва тинчлик борасида ҳам гапирди, дея хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Нуриддин Холиқназаров Қозоғистондаги вазият аввалига ижтимоий масала, сўнгра урушга айланиб кетганини қайд этди. Шунингдек, бу ҳолатдан хулоса чиқариб, тинчлик учун шукрона айтиш кераклигини айтди.

«Қўшни Қозоғистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Аввалига ижтимоий масала бўлиб, газ сўраб чиқишди. Лекин ҳозир шунақанги ҳолатга келдики, кўчага чиққанларнинг ўзи нима мақсадда юрганини ҳам билмаяпти. Бир миллатли, бир динли одамлар бир-бирига қурол ўқталяпти, уруш бўляпти. Бир кун уруш бўлган жойда қирқ кун барака кетади.

Бунинг тагида ҳар ҳил оқим аъзолари, салафийлар чиқяпти. Мана шу тўполондан ўзининг шахсияти, ўзининг ғояси учун фойдаланаман дейидиганлар чиқяпти. Бўлмаса, қуроллар қаердан келарди, қон тўкиш қаердан келарди. Оддий одамларнинг қурол ўқталиши осон эмас. Ҳозир улар Жума намозини ўқий олмаяпти. Биз зийрак бўлиб, воқеалардан хулоса чиқаришимиз керак», — деди муфтий.

Фото: «Bugun.uz»

Бундан ташқари, Нуриддин Холиқназаров 5 январь куни Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан Умра–2022 мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланганини эслатиб ўтди.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган норозилик намойишлари жуда тез орада давлат тўнтаришига уринишга айланиб, мамлакатнинг биринчи пойтахти Олмаота ва унинг атрофида талончилик авж олган. 5 январь куни кечқурун президент Тўкаев КХШТга ёрдам сўраб, мурожаат қилган ва жавоб ижобий бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилган. Хусусан, мамлакатда тинчликни тиклаш юзасидан фикр алмашган.