Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни куннинг асосий хабаридан бошлаймиз: Ўзбекистонда ковид билан касалланиш ҳолатлари кескин ортди.

ССВ маълумотларига кўра, 6 январь куни 251 кишида коронавирус аниқланган. 3 нафар бемор вафот этган (жами 1488 нафар). Жами беморлар сони 199 минг 758 нафарга етган. Зарарланганларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида аниқланган — 120 киши.

Фото: Президент матбуот хизмати

5 январь кунги статистикага эътибор берадиган бўлсак, бир суткада 146 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган. 4 январь куни эса ундан ҳам оз — 90 кишида.

Касалланиш 250 талик маррадан ўтишидан 4 кун олдин, 2 январь куни ССВ «Касалланишлар сони камайишда давом этмоқда: кеча юртимизда 64 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, кетма-кет бешинчи кун ўлим ҳолати қайд этилмади» сарлавҳаси билан кунлик статистикани эълон қилган.

Касалланиш ҳолатлари кескин ошиши билан бир кунда, яъни бугун Буюк Британия Ўзбекистоннинг ковид вакцина сертификатларини 10 январдан бошлаб тан олишни бошлашини эълон қилди. Бу дегани Ўзбекистон фуқаролари Буюк Британияга боришдан 14 кун олдин вакцина сертификатини олган бўлса, ҳеч қандай чеклов ва тестларсиз мамлакатга кириши мумкин.

Талабалар темир йўл касcаларида бетартиб навбат юзага келтирди. ОТВ уларга мурожаат қилиб, 50 фоизлик чегирмалар ҳам қишки таътил билан баравар — 24 январгача узатирилганини айтди.

Олий таълим вазирлиги ўз муносабатида темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 24 январга қадар узайтирилганини таъкидлаган.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

«Шунингдек, сиз чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темир йўл кассаларидан ҳам алмаштириш имконига эгасиз. Шуларни ҳисобга олган ҳолда сиздан чипта кассаларида узоқ навбатларда туриб, вақтингизни беҳудага сарфламаслигингизни сўраймиз», деб қўшимча қилинган вазирлик хабарида.

Бу орада «Uzbekistan Airways» компанияси матбуот хизмати талабалар учун чегирмалар 23 январга қадар узайтирилганини маълум қилди.

5 январь куни таътилга чиққан Шавкат Мирзиёев ишга қайтди.

Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг 5 январь куни эълон қилинган таътили якунлангани ва у одатдаги тартибда иш бошлаганини эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундай қилиб, Президентнинг қисқа муддатли меҳнат таътили 5 январдан 7 январгача давом этди ва бу унинг 6 йилдаги расмий учинчи дам олиши ҳисобланади.

Бугун ишга қайтган Шавкат Мирзиёев ДХХнинг «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва ДХХ Академиясига ташриф буюришга ҳам улгурди.

Ўзбекистон осмонидан янгиликлар: қатор авиарейслар кечиктирилди, Санкт-Петербургдан учган самолёт Наманган аэропортига қўна олмади.

«Uzbekistan Airports»нинг хабарига кўра, самолётлар тонгда Наманган аэропортида кўриш имконияти ёмон бўлгани туфайли парвозни амалга оширмаган. Шунингдек, Андижон ва Навоий аэропортларини ҳам туман қоплаган.

Фото: «Bugun.uz»

Бундан ташқари, Наманган аэропортида қуюқ туман оқибатида (кўриш масофаси 150 метрга яқин) «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан учаётган «AFL602» рейси соат 07:05 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Тошкентдаги муқобил аэродромга учган.

Қайд этилишича, қуюқ туман яна иккита — Андижон (кўриш масофаси 400 метрга яқин) ва Навоий (кўриш масофаси 50 метрга яқин) аэропортларида кузатилган. Жадвалда белгиланган вақт бўйича аэропортларда парвоз амалга оширилмаган.

Энди эса ер остидан янгилик: Тошент метрополитенида ҳожатхоналар пайдо бўлиши мумкин.

Тошкентдаги «Чилонзор» метро бекатида синов тариқасида ҳожатхона қурилмоқда ва бу тажриба ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам ҳожатхона қурилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрелга қадар тухум маҳсулоти экспорти вақтинчалик тўхтатилди.

Республикада озиқ-овқат хафвсизлиги ва ички истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тухум экспортини вақтинча чеклаш бўйича таклифи ҳукумат йиғилишида маъқулланган.

Фото: «Bugun.uz»

Бунгача Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тухум экспорти бўйича табдиркорларга оғзаки ёки ёзма тақиқ қўйилмаганини билдирганди.

«Bugun.uz» мухбири билан суҳбатлашган «Паррандасаноат» уюшмаси вакили тақиқ мавжудлигини тасдиқлади. Аммо уюшма бундай тақиқни жорий этиш ё олиб ташлаш ваколатида эмаслигини эслатиб ўтди.

Тухум экспортига нега тақиқ қўйилгани бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг изоҳи ва қўшимча маълумотлар билан ушбу мақола орқали танишишингиз мумкин. Унгача колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдиновнинг карикатурасини кўринг.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Cолиқ соҳасига оид янгиликлар:

  • Ўзбекистонда юридик шахслар тўлайдиган мулк солиғи ставкаси пасайтирилди. Лекин солиқ тўловчиларнинг харажатлари ошиши кутилмоқда;
  • Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабар берганлар қандай мукофотланади?;

Хўш, Қозоғистонда нима гап?

Президент террорчиларни ўлдиришга буйруқ берди, АҚШ Қозоғистонга ёрдам таклиф қилди ва бошқалар ҳақида.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 7 январь куни аҳолига қилган мурожаатида армия ва ҳарбийларга террорчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишга рухсат берди.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, тўқнашувларда юзлаб одамлар жароҳатланган. Вазият барқарорлашгани сари мамлакат раҳбарияти ҳудудларда фавқулодда ҳолат режимини босқичма-босқич олиб ташлаб, интернетни тиклашини қўшимча қилган. «Ким таслим бўлмаса, йўқ қилинади», — деган президент.

Назарбоевнинг оиласи Қирғизистонга учиб кетгани айтилди. Лекин пойтахт Бишкек аэропорти маъмурияти Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев оиласи самолёти аэропортга қўнгани ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Қозоғистонга республикада норозиликларга сабаб бўлган сиёсий ва иқтисодий муаммоларни, хусусан, «коррупция муаммоси»ни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Қозоғистонда ўтган тунда нималар содир бўлгани ҳақида батафсил бу ерда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.