Эрон Саудия Арабистони билан муносабатларни исталган вақтда нормаллаштиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён Қатарнинг «Al-Jazeera» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «Anadolu Agency»

Шунингдек, Абдуллаҳиён «Эрон, Саудия Арабистони, Миср ва Туркия иштирокида тўрт томонлама форматда долзарб минтақавий муаммоларни муҳокама қилишга» тайёрлигини айтган.

«Теҳрон ҳар қандай вақтда Ар-Риёд билан муносабатларни нормаллаштиришга тайёр», — дейди Эрон дипломатияси раҳбари. Унинг айтишича, 2021 йил охирида ўтказилган икки томонлама мулоқотлар натижаси Эроннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги вакилининг яқин келажакда Жиддага қайтиши бўлади.

Венадаги музокаралар

Эрон ташқи ишлар вазири «Al-Jazeera» телеканалига берган интервьюсида Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини қайта тиклаш бўйича Венада бўлиб ўтган маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди «музокараларни қайта йўлга қўйганини» таъкидлаган.

«Агар Ғарб ҳамкорлари керакли иродани кўрсатса, келишувга эришиш учун яхши имконият бор», — дейди Абдуллаҳиён. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп жорий этган санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, вазирнинг қўшимча қилишича, «келажакдаги ҳар қандай келишув Эрон нефтини тўсиқсиз сотиш ва даромад олишни кафолатлаши керак».

Аввалроқ Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга таҳдид қилганди. Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахон АҚШ Трамп даврида Ислом Республикасига нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилмаса, 2015 йилги ядровий келишувга қайтишнинг «имкони йўқ»лигини айтгганди.