«Омикрон» штами «дельта»га қараганда жиддий кўринамаса-да, ковиднинг «енгил» турига кирмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус баёнотига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: «The Times Hub»

Маълум қилинишича, коронавирусинг бошқа штаммлари каби «омикрон» ҳам одамларни касалхонага ётқизишга ва айрим беморларнинг ўлимига сабаб бўлади.

«Дарҳақиқат, бу штаммга чалиниш ҳолатлари шунчалик катта ва тезки, у бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимини издан чиқармоқда», — деган Гебрейесус.

ЖССТ бош директори, шунингдек, янги штамм туфайли касалхоналарда жой қолмаётгани ва бу нафақат ковид, балки бошқа касалликларга чалинган беморларнинг ўлимига олиб келаётганидан огоҳлантирган.

Шу сабабли ташкилот раҳбари одамларни эмлашга ва ижтимоий чораларга риоя қилишга чақирган, вакциналарни бутун дунё бўйлаб тенг тақсимлашни талаб қилган.

Аввалроқ ЖССТ Францияда аниқланган янги штамм бўйича маълумот берганди. Шунингдек, ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси 2022 йилда тугашини маълум қилган.