Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 2021 йил 29 декабрь куни «Lacetti» йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, воқеа соат 17:30 атрофида туманнинг Мўғол МФЙ ички йўлида содир бўлган. Аниқланишича, янгиқўрғонлик 25 ёшли ҳайдовчи «Laсetti» автомобилида ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган 42 ёшли пиёдани уриб юборган.

Оқибатда жабрланувчи олган тан жароҳати сабаб воқеа жойида ҳалок бўлган. Мазкур ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Қашқадарёда ҳайдовчи машинасида 2 пиёдани уриб, қочиб кетгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, «Lada Vesta» ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб, уларни уриб кетган ва пиёдалардан бири ҳалок бўлган.