Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқлар орқали вокзаллардаги темирйўл кассаларида катта навбатлар юзага келгани ва бу темирйўл кассаларида чипта сотувида айрим ноқулайликлар келтириб чиқараётгани юзасидан мурожаат қилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Таъкидланишича, жорий ўқув йили учун белгиланган қишки таътил даври 24 январга қадар узайтирилган. Шу билан бир қаторда, талаба-ўқувчиларга ўз уйидан таълим муассасаларига қайтишига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 24 январга қадар узайтирилган.

Бундан ташқари, 11 январгача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилмоқда. Вазирлик шу ўринда темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 24 январга қадар узайтирилганини эслатиб ўтган.

«Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар, 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор. Барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темирйўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Шунингдек, сиз чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темирйўл кассаларидан ҳам алмаштириш имконига эгасиз. Шуларни ҳисобга олган ҳолда сиздан чипта кассаларида узоқ навбатларда туриб, вақтингизни беҳудага сарфламаслигингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.