Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил ноябрь ойида 21,5 тонна олтин сотиб, мамлакат дунёдаги энг кўп тилла сотган давлат бўлди. Шунингдек, Туркия 7 тонна, Россия 3,1 тонна ва Қирғизистон 1,4 тонна олтин сотган, деб хабар бермоқда «World Gold Council».

NASDAQ / Иллюстратив фото

Таъкидланишича, ушбу даврда Қозоғистон (4,3 т), Польша (3,4 т) ва Ҳиндистон (2,8 т) олтинни фаол харид қилган.

Ноябрь ойида эса олтин нархи глобал бозорда ўсиб, 1866 долларни ташкил этганди.

Статқўмга кўра, олтин сотувидан Ўзбекистон 2021 йилнинг 11 ойи якуни билан 4,1 миллиард доллар даромад қилган. Шунинг деярли 40 фоизи ноябрь ойида амалга оширилган сотувдан тушган.

2017–2020 йилларда Ўзбекистон олтин-валюта резервлари 26,4 миллиард доллардан 34,9 миллиард долларга ошган. Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 октябрь ҳолатига кўра, 34,41 миллиард долларни ташкил қилди ва мазкур миқдор сентябрь билан солиштирганда 1,2 миллиард долларга камайган. Бундаги йўқотишларнинг ярми олтинга тўғри келади. Бир ой давомида унинг миқдори 200 минг трой унциясига ошган, лекин унинг умумий қиймати 528 миллион долларга камайган.