AOKAда 6 январь куни бўлиб ўтган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган шахсларга 83,1 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, вазирликлар, идора, хўжалик бошқаруви органлари ва ҳокимликлар томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан жорий йилнинг 12 ойи давомида 468,1 мингта янги иш ўрни ташкил этилган.

Ўтган йилнинг 12 ойи мобайнида меҳнат органлари томонидан 879 мингдан зиёд иш билан банд бўлмаганларга бандлик хизматлари кўрсатилгани таъкидланди. Жумладан:

  • 393,8 минг нафар ишсиз фуқароларнинг меҳнат органлари йўлланмаси асосида давлат дастури доирасида яратилаётган ва бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилди;
  • шунингдек, 70,3 минг ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар банд қилиб қўйилган квота иш ўринларига ишга жойлаштирилган;
  • 234,2 минг банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган;
  • ҳудудларни ободонлаштириш ва қурилишда 192,4 минг, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 19,4 минг ва бошқа йўналишларда 22,4 минг фуқаро жамоат ишларига жалб қилинган;
  • бунинг натижасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробарга камайган;
  • 115,4 минг нафар (шундан ёшлар 62,8 минг, аёллар 78,9 минг) иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган;
  • 37,4 минг нафар ишсиз, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган шахсларга 83,1 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилгани айтиб ўтилди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида «темир дафтар»га киритилган 8 мингдан ортиқ оилага ёрдам пули берилиши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишсизликни қисқартириш учун қанча субсидия ажратилиши маълум бўлганди.