Ўзбекистонда қуюқ туман туфайли бир қатор аэропортлар фаолияти чекланди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, самолётлар тонгда Наманган аэропортида кўриш имконияти ёмон бўлгани туфайли парвозни амалга оширмаган. Шунингдек, Андижон ва Навоий аэропортларини ҳам туман қоплаган.

Наманган аэропортида қуюқ туман оқибатида (кўриш масофаси 150 метрга яқин) «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан учаётган «AFL602» рейси соат 07:05 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Тошкентдаги муқобил аэродромга учган. Айни дамда авиакомпания йўловчиларни озиқ-овқат ва меҳмонхона билан таъминлаган. Тошкентдан Наманганга парвоз маҳаллий вақт билан 18:40 га белгиланган.

Шунингдек, об-ҳаво шароити туфайли «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Тошкент—Наманган—Новосибирск йўналишидаги навбатдаги «HY3669/69» рейсининг маҳаллий вақт билан соат 10:35 да Наманганга етиб келиши керак бўлган парвози кечиктирилган. Ҳозирда самолёт Тошкентда бўлиб, унинг парвози соат 13:35 га белгиланган.

Қайд этилишича, қуюқ туман яна иккита – Андижон (кўриш масофаси 400 метрга яқин) ва Навоий (кўриш масофаси 50 метрга яқин) аэропортларида кузатилган. Жадвалда белгиланган вақт бўйича аэропортларда парвоз амалга оширилмаган. Ҳозирда аэропортлар парвозларни қабул қилишга тайёр.

Аввалроқ Ўзбекистондаги иккита аэропортда парвозлар кечиктирилганди. Шунингдек,  Қашқадарёда самолёт двигателлари ишламай қолиши оқибатида йўловчилар бир неча соат иссиқда қолиб кетганди.