Ўзбекистонда тухум экспортига чекловлар ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Bugun.uz»га изоҳ берди.

Фото: «Bugun.uz»

Ташкилот берган изоҳда пандемия шароитида ишлаб чиқариш, иқлим ва логистика билан боғлиқ сабаблар таъсирида жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўсиш кузатилаётгани айтилган. Бунга жавобан нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида айрим маҳсулотлар экспортини чеклаш бўйича чоралар кўрилаётгани таъкидланган.

2021 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20–22 фоизгача қимматлашган. Ташкилотнинг маълум қилишича, йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлайди.

Тухум нархининг ошишига қиш ойларида иситиш харажатлари ошиши ва паррандачилик хўжаликларида касалликларнинг авж олиши, тухум беришга мослашган товуқларнинг мавсумий янгиланиши, озиқа маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда куз мавсумидан бошлаб ушбу маҳсулотга талабнинг ортиб бориши (бошқа ойларга нисбатан 20–30 фоизга ошади) таъсир кўрсатган.
Бундан ташқари, паррандачилик хўжаликларида озиқа базасининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар сабабли кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайган.

Айтилишича, глобал пандемиянинг давом этаётганлигини, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг аҳолининг харид қобилиятига таъсирининг юқорилиги, шунингдек, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашнинг муҳимлиги инобатга олинган ҳолда тухум экспортига нисбатан киритилган чеклов вақтинчалик чора бўлиб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрелга қадар тухум маҳсулоти экспорти вақтинчалик тўхтатилгани хабар қилинганди. Статқўм маълумотига кўра, Ўзбекистонда тухум нархи 2021 йилда қарийб 30 фоизга ошган. Шунингдек, мамлакат бозорларида ўтган йил якунида тухум нархи (10 дона) — 7000–15 000 сўм атрофида кузатилган.