Ўзбекистонда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтирилди. Лекин янги тартибга кўра, солиқ тўловчиларнинг тўлов суммаси камайиши эмас, балки кўпайиши кутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Гап шундаки, мол-мулк солиғини ҳисоблашда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси (линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари бундан мустасно) бу объектларга 1 квадрат/метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича қуйидаги миқдордаги тартиб киритилмоқда:

  • Тошкент шаҳрида — 2 миллион 500 минг сўм;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — 1 миллион 500 минг сўм;
  • Бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — 1 миллион сўм.

Мазкур ўзгариш гарчи солиқ ставкаси пасайган бўлса ҳам, кадастр қиймати бозор нархидан паст кўрсатилган кўчмас мулк эгаларининг солиқ тўлови кўпайишини англатади. Яъни нотариус олди-сотди шартномаларида мурожаат этилган мулк қиймати паст баҳода қолиб кетаётгани туфайли ҳукумат мулк солиғини ундиришда бошқа тартибни киритиб, бозор нархига асосланган ҳолда солиқ тўлашни таклиф этди. Шу туфайли гарчи мулк солиғи ставкаси 0,5 фоизга пасайтирилган бўлса-да, тўлов ошади.

Солиқ тушумлари кўпайиши бўйича тахмин биргина Тошкент шаҳрининг 2022 йилги ва 2021 йилги бюджетини ўзаро таққослаганда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, 2021 йилда Тошкент шаҳри бюджетига Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан 313 миллиард тушум бўлган, янги тартиб амал қилгандан кейин жорий йил бу сумма 728 миллиардга ошиши кутилмоқда. Бу дегани юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тушуми 2 баравардан кўпроққа ошиши режалаштирилган.

Шунингдек, минимал қиймат ўрнатишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари белгиланган минимал қийматга, туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент киритиши мумкин.

Агар объектнинг 1 квадрат/метри қиймати белгиланган минимал қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга ошириш учун баҳоловчиларни жалб этишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади. Аммо бу баҳо «снос» масалаларида мулк эгаларининг ўзига қарши ишлаши мумкин.