Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар ўзбекистонлик талаба 7 январь куни Тошкентга қайтади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълум қилишича, талабалар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси бортида ватанига қайтмоқда.

«Ўтган ҳафтада кўплаб ўзбекистонликлар қўшни Қозоғистондаги воқеаларни хавотир билан кузатди. Баъзилар эса ўша пайтда бу мамлакатда бўлган яқинларининг ҳаётидан қўрқди. Улар орасида Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари ҳам бор эди. Шу кунларда ота-оналар фарзандларининг тақдиридан хавотирда эди. Лекин Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий сиёсати, республика фуқароларига кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли фарзандларимиз бир-икки соатдан кейин Тошкентда бўлади.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига ота-оналар номидан фарзандларимизни уйларига қайтариш бўйича амалга оширган муҳим ишлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Айни дамда ушбу университетнинг барча талабалари самолётда учиб келмоқда, улар Тошкент юридик университетига олиб келинади, талабаларни у ерда ота-оналар кутиб олади», — дейди университет талабалари ота-оналар қўмитаси раиси Тўра Тўраев.