Коронавирус пандемияси аҳолининг 70 фоизи олти ой ичида эмланганда тугайди, акс ҳолда касалланиш тўлқинлари давом этиши мумкин. Бу ҳақда Росиянинг Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази директори Александр Гинцбург «РИА Новости»га хабар берди.

Фото: «ABC News»

Маълум қилинишича, мутахассис шундан сўнггина одамлар эски турмуш тарзига қайтишини айтан.

«Агар олти ой ичида аҳолининг 70 фоизи эмланса, пандемия тугайди, кейин одатдаги ҳаётимизга қайтамиз», — деган у. Шу билан бирга, мутахассис коронавирусга қарши эмланишдан олти ой ўтгач, ревакцинациядан ўтиш ҳам муҳим жараён саналишини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Даниянинг тиббиёт олимлари янги тадқиқотида COVID-19 вакцинаси оила аъзоларнинг бир-бирига инфекция юқтиришини икки бараварга камайтирганини аниқлаганди. Келтирилишича, «омикрон» тўлқинини биринчилардан бўлиб бошдан кечирган Данияда олиб борилган тадқиқотда вакцина коронавирус инфекцияси хавфини камайтириши аниқланган. Жумладан, вакцинанинг 3-дозаси билан эмланиш «омикрон» штамини юқтириш хавфини ҳам сезиларли камайтирган.

Олимлар вакцинанинг икки дозасини олган одамлар ўз қариндошларига ковидни эмланмаганларга қараганда 41 фоизда камроқ юқтиришини қайд этган. Бустер вакцина олган фуқароларда бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ коронавируснинг янги аломатлари эълон қилинганди. Шунингдек, ковид енгил кечишининг хавфли оқибати аниқланган.