Россиянинг Ленинград вилоятида тез ёрдам машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Фото: Ленинград вилояти қутқарув хизмати

Маълум қилинишича, ҳодиса соат 19:23 атрофида юз берган. «Daewoo Nexia» автомобили қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, «Ford Transit» тез тиббий ёрдам машинасига бориб урилган. Оқибатда автомашинанинг 31 ёшли йўловчиси воқеа жойида, 27 ёшли йигит эса шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган. Қурбонларнинг ҳар иккиси ҳам Ўзбекистон фуқароси экани қайд этилган. Шунингдек, 45 ёшли тез тиббий ёрдам машинасидаги фельдшер ўртача оғирликда касалхонага ётқизилган.

Таъкидланишича, «Daewoo Nexia» русумли автомашинани 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси бошқарган. У қўлга олиниб, изоляторга жойлаштирилган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Айбланувчи 2021 йилда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган.

Тосно шаҳар прокуратураси Ушаки қишлоғида икки кишининг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилишни назоратга олган.

Фото: Ленинград вилояти қутқарув хизмати
Фото: Ленинград вилояти қутқарув хизмати

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик йигит автобус бекатида пичоқланган ҳолда топилганди. Шунингдек, Россияда 21 ёшли ўзбекистонлик йигит ватандоши томонидан пичоқланганди.