Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Қозоғистонга республикада норозиликларга сабаб бўлган сиёсий ва иқтисодий муаммоларни, хусусан, «коррупция муаммоси»ни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс хабар берди.

Фото: «CNBC»

Маълум қилинишича, брифингда Прайс Қозоғистон ҳукумати норозилик намойишлари чоғида билдирилган муаммоларни ҳал қила олишига ишонишини қайд этган. «Агар биз Қозоғистонга бу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бера олсак, АҚШ бунга тайёр», — деган у ва коррупцияга қарши курашда ёрдам кўрсатилиши мумкинлигини қўшимча қилган. АҚШ ташқи сиёсат департаменти вакилининг сўзларига кўра, гап «моҳиятан иқтисодий ва сиёсий» муаммолар ҳақида кетмоқда.

«Қозоғистон ҳақида гап кетганда, АҚШ республикада давом этаётган фавқулодда вазиятдан хавотирда, зўравонликдан жабрланганларга чуқур ҳамдардлик билдиради. Талончилар ҳаракатини эса қаттиқ қоралаймиз. Яна бир бор намойишчиларни ўз шикоятларини тинч йўл билан айтишга ва ҳукуматни вазминлик билан жавоб беришга чақирамиз», — дейди Прайс.

Шу билан бирга, у Вашингтон Қозоғистон конституциявий институтларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини ҳурмат қилишга, шунингдек, интернетни тиклаш, инқирозни тинч йўл билан ҳуқуқларни ҳурмат қилган ҳолда ҳал қилишни ёқлаган.

АҚШ Давлат департаменти ҳодисаларга ташқи кучлар аралашуви ҳақидаги хабарлардан сўнг КХШТ тинчликпарвар контингентининг мамлакатга киришига нима сабаб бўлганига Қозоғистон расмийларидан асосли жавоб олишга умид қилган. «КХШТ кучларини жойлаштириш масаласига келсак, аввало бу саволларга жавоб беришни Қозоғистон ҳукуматига қолдирамиз», — деган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ўзида «Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни киритиш бўйича саволлар бор». «Биз Қозоғистон ҳукумати ўз аргументлари, ўз ҳудудига хорижий қўшинларнинг киритилишини асослаши ҳақида гапириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоламиз», — деган дипломат.

«Айтмоқчиманки, Қўшма Штатлар очиғи, бутун дунё инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини кузатиб боради. Шунингдек, Қозоғистон институтларини эгаллашга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни ҳам кузатиб борамиз. Умид қиламизки, бундай бўлмайди», — деган у.