Дунёда биз умуман кутмаган, ҳатто умуман юз бермайди деб ҳисоблаган кўплаб воқеалар ҳам амалга ошиши ҳаёт тарзимизни издан чиқариб юборади. Шу яқин тарихимизда рўй берган коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида бутун дунёда локдаунлар эълон қилиниши, чегаралар ёпилиши ва онлайн хизматларнинг ривожланиб кетиши ҳам инсоният учун умуман кутилмаган ҳолатлардан бири бўлди. Шу каби ҳолатлар эса «қора оққуш» ҳодисаси бўлиб, бу ҳақда Николас Нассим Толиб ўзининг «Қора оққуш» китобида батафсил ёритган ва бу каби кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш бўйича амалий тавсияларни бериб кетган. Қуйида «Bugun.uz» колумнисти Ўктам Ўринтоев бутун дунё бўйлаб бестселлерга айланган шу китоб ҳақида фикр юритади.

Николас Нассим Толиб
Фото: «Shutterstock»

Асар муаллифи Николас Толиб ливанлик собиқ бизнес трейдер, ёзувчи ва фалсафа доктори ҳисобланади. У айни шу асаридан кейин катта машҳурликка эришган. Бу асар орқали у ҳаётимиздаги турли «қора оққуш»лар — кутилмаган ҳолатлар, тасодифларга тайёр туриш лозимлигини, бундай ҳолатлар қандай вужудга келишини тушунтиришга ҳаракат қилади. Ўзининг бу назариясини у 2008 йилги иқтисодий инқироз пайтида «Empirica Capital» фондида синаб кўрган. Айни ўша инқироздан у ишлаган компания ўзига ҳос таҳлил усуллари ёрдамида кам сонли компаниялар қаторида фойда билан чиққан.

Шу ўринда савол туғилади: нега бу каби ҳодисалар «қора оққуш» дейилади? Австралия кашф қилинмагунча одамлар барча оққушлар оппоқ рангда бўлади деб ишонишган. Улар доимий учратган оққушлар оқ рангда эди. Аммо биринчи қора оққушга дуч келган одамлар қаттиқ ҳайратга тушгани аниқ. Бу улар учун кутилмаган ҳолат эди. Китоб номи ва назария келиб чиқиши шунга боғлиқ.

Қора оққушга қуйидаги ҳодисаларни мисол қилиш мумкин: АҚШдаги 2001 йил, 11 сентябрь теракти, Совет Иттифоқининг парчланиши, Иккинчи жаҳон уруши ва ковид вирусининг тарқалиши кабилар.

Фото: «Tech in Asia»

Асарда муаллиф эҳтимоллар ҳақида, скептицизм, статистик маълумотларнинг нотўғри баҳоланиши, масштабли касблар борасидаги фикрларини билдириб ўтади. Нассим жуда кўп олдинги муаллифларни инкор қилган, Гаусс эгриси умуман нотўғри деб ҳукм чиқарган. Китобни мутолаа қилиб, янгича кутилмаган ғоялар, янги тушунчаларни ҳам кўриш мумкин. Унинг ўзи ҳам китобни ёзишдан мақсад ҳудди бошқа муаллифлардек фактларни мустаҳкамлаш эмас, балки анъанавий мантиқнинг оёғини осмондан қилиб ташлаш, деган.

«Қора оққуш» назарияси ишлаши ва кутилмаган ҳолатлардан эсанкираб қолмаслик учун китобда қуйидаги тавсиялар берилган.

Кам эҳтимолли ҳодисаларни ҳам ҳисобга олинг

Ўтмишдаги тажрибаларга ортиқча эътибор берманг: 1000 кунни бир хил тарзда ўтказганингиз 1001-кун ҳам бир хил бўлади дегани эмас. Инвестор ҳар доим бозор ўзгарувчанлигига тайёр бўлиши керак. Инқироз учун зарур шартлар бўлмаса-да, сизнинг портфелингизда доим мудофаа активлари бўлиши керак. Қора оққуш мантиғи сиз билмаган нарсангизни билган нарсаларингиздан аҳамиятлироқ қилади. Кутилмаган ҳолатларга захира вариантлар тайёрлаб туринг.

Стратегиянгизни инкор этувчи фактларни қидиринг

Ҳар доим скептик бўлиш зарар қилмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сизда етарли маълумот йўқлигини унутманг. Бирон фикр, хулосага келганингизда, вазиятга бир томондан қараётганингизни тушунинг. Шу хулосани инкор этувчи 10 та сабабни қидириб кўринг, оз бўлса-да фикрингиз ўзгармаса, кейин ишонч билан гапира оласиз. Мутахассислардан ёрдам сўранг, маслаҳатчи хизматларидан фойдаланинг. Дунёқарашингизни кенгайтиринг: саёҳат қилинг, янги тилларни ўрганинг, янги танишлар орттиринг. Бу қора оққуш ҳосил бўлувчи нуқталарни кўриш имконини беради.

Ижодий фикрлаш

Киши қанча кўп маълумотга эга бўлаверса, унда шунчалик кўп таҳминлар пайдо бўлаверади ва ҳулосада кўпроқ адашади. Киши қанча кўп кераксиз, тасодифий нарсаларга дуч келаверса, у буни ҳақиқий ахборот билан адаштириб қўяверади. Дейлик, бир тангани 99 мартада ташлаганингизда бир томони тушса, унда тангани текшириб кўриш лозим. Унда бир гап бор.

Башоратларга ишонманг

Умумий башоратдан кўра энг ёмон вариантни билиш муҳимроқдир. Иқтисодчиларнинг башоратлари кўпинча жавоб реакциясини келтириб чиқаради. Фараз қилайлик, иқтисодчилар инфляцияни башорат қилмоқдалар. Федерал тизим бир зумда жавоб беради ва ҳолат юз бериб улгирмасдан уни тўхтатади. Шунинг учун иқтисодий башоратларнинг тўғрилигини баҳолаб бўлмайди.

Янгиликларни тўғри талқин қилинг

Янгиликлар ва оммавий ахборот воситалари сизга кўп ҳам фойдали, ишончли маълумот беравермайди. Бирон фикрни тасдиқловчи фактлар кўплиги бу фикр ҳақиқат эканини билдирмайди. Мингта оққушлар борлиги, дунёда қора оққуш йўқ дегани эмас. Биз маълумотларни эсда сақлаш учун уларни тартиблашга, тизимлаштиришга уринамиз. Аммо шу тизимга, мантиққа тушмай қолган ҳолатларни ташлаб кетамиз ва маълумотни эсда сақлашда нуқсонлар келиб чиқади.

«Қора оққуш» китоби 2007 йили дастлаб нашр этилганидаёқ кўплаб бизнесменлар ва китобхонлар қизиқишига сабаб бўлган. Китоб 36 ҳафта мобайнида «New York Times» бестселлерлари қаторида турган. Асар шу кунгача 27 тилга таржима қилиниб, бутун жаҳон китобхонларига туҳфа қилинган. Асар муаллифи Нассим Толибга ҳам шуҳрат олиб келиб, собиқ трейдерни китобнинг кейинги қисмларини ҳам ёзишга ундаган.

Асар, асосан, бизнесменлар ва инвесторларга тавсия қилинса-да, ундан кўплаб одамлар фойдали тавсиялар олиши аниқ. Асар орқали статистикага одамлар янгича кўз билан қарашни ўрганади ва келажакда ўз фаолиятидаги кутилмаган кўнгилсизликларнинг олдини олиши мумкин. Асар бироз қийинроқ услубда ёзилган бўлса-да, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, турли янги назариялар орқали кўпчилик учун ҳаёт фаолиятига қўлланма бўлиб хизмат қила олади.