«Толибон» ҳаракати аёлларнинг баъзи спорт тури билан шуғулланишини тақиқлади. Бу ҳақда «TOLO News» хабар берди.

Фото: «Al Jazeera»

Келтирилишича, Кобулдаги бир қатор спорт эгалари бу ҳақда маълумот берган. Улар аёллар айрим спорт турлари, жумладан, фитнес билан шуғулланиши мумкинлигини айтган. Ислом Амирлиги ислом қадриятлари ва афғон маданиятига асосланган аёллар спортига рухсат беришини маълум қилган.

«Ислом Амирлиги сиёсатини ҳар томонлама давом эттирамиз. Маданиятимиз ва урф-одатларимиздан келиб чиқиб, спорт тури билан шуғулланишга рухсат берамиз», — деган Жисмоний тарбия ва Миллий олимпия қўмитаси матбуот котиби.

«Ислом Амирлиги спортнинг атлетика тури билан аёлларнинг шуғулланишини тақиқлади, гарчи аёллар эркаклардан алоҳида шуғулланса ҳам», — деган Афғонистондаги таэквондо ва альпинизм спорти бўйича мураббий Тоҳира Султоний.

Таъкидланишича. мазкур тақиқ халқаро гуманитар ташкилотларнинг норозилигига учраган. Жумладан, Human Rights Watch «Толибон»нинг аёллар спортини тақиқлагани, аёлларнинг соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишини чеклаган, аёлларни эркак назорат қилишини талаб қилгани бўйича қатор ҳисоботлар эълон қилган.

Аввалроқ «Толибон» аёлларни армияга олиш шартини маълум қилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати аёлларга нисбатан яна бир тақиқ жорий этганди.