Тошкент шаҳри Олмазор туманида 6 январь куни автобус маст пиёдани уриб кетди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, воқеа соат 19:50 атрофида туманнинг Уста Ширин кўчасидаги Жомий қурилиш бозори атрофида содир бўлган. Аниқланишича, 58 ёшли ҳайдовчи автобусни бошқариб кетаётганда маст пиёда автобус томонга мувозанатини йўқотиб, йиқилган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. «Тошшаҳартрансхизмат»нинг ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан хизмат суриштируви ўтказилади.

Аввалроқ Тошкентда автобус йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборгани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда йўловчи автобуси бекат ёнида турган 2 пиёдани уриб юборгани хабар қилинган.