Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрелга қадар тухум маҳсулоти экспорти вақтинчалик тўхтатилди. Дунёнинг турли мамлакатларида бозор нархларини пасайтириш учун амалга ошириладиган бундай чоралар кўпинча тескари натижа берган ва энг машҳур тарих Аргентина билан юз берган. Ўзбекистон ҳукумати ўрнатган тақиқ ҳам яхши ният билан қилинган ёмон иш бўлиб чиқиши мумкинми?

Фото: «Bugun.uz»

Аргентинада ўзи нима бўлган?

Аргентинада гўшт экспорти тақиқланиши ва унинг оқибатлари ҳақида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг «Kommersant.uz» учун ёзган мақоласида тўхталиб ўтган.

Унга кўра, 2005 йилда Аргентина мол гўштини экспорт қилиш бўйича дунёда учинчи ўринда бўлган. Ўшанда мамлакатда мавжуд моллар сони мунтазам ошиб борган ва чорвачиликка инвестициялар жадал суръатларда ўсиши кузатилган. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай ўсиш ва самарадорлик билан бир неча йилдан кейин Аргентина мол гўшти ишлаб чиқариш экспортида мутлақ етакчига айланишини прогноз қилган.

Лекин 2006 йил 8 мартда Аргентина президенти Нестор Киршнер нархлар ўсишига қарши чора сифатида мол гўшти экспортини 180 кунга тақиқлашга қарор қилган. Сиёсатчи мазкур тақиқ орқали мол гўштининг экспорт қилинаётган қисми маҳаллий бозорга йўналиши ва бу орқали мамлакатда гўшт нархининг пасайишини кутган.

«Тақиқ ва кейинги квоталар натижасида 2005–2013 йиллар орасида мол гўшти экспорти 76 фоизга қисқарди. Табиийки, бу тармоққа инвестициялар тўхтади ва қайтиб тикланмади, 2006 йилдан 2010 йилга қадар чорва боши қарийб 28 фоизга қисқарди. Бугунги кунда (мақола 2017 йилда ёзилган — таҳририят), экспорт тақиқланганидан 11 йил ўтиб, ҳали-ҳануз чорва сони 2006 йил кўрсаткичига чиқа олмаган. Йирик шохли қорамол сонининг қисқариши мол гўшти нархининг кескин кўтарилишига олиб келди. Бозор ўсиб бораётган талабни қондира оладиган аҳволда эмасди ва вазиятга нархларнинг янада кўтарилиши билан жавоб берди. Шундай вақт ҳам бўлдики, Аргентина мол гўштини четдан сотиб ола бошлади», дейилади мақолада.

Ўзбекистондаги чекловлар Аргентинадагига қанчалик ўхшаш?

Ўзбекистонда тухум экспортига қўйилган тақиқ ҳам Аргентинадаги воқеаларга ўхшаш бўлиб, бу чекловлар ҳам ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Яна бир асосий жиҳати: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўсиш кузатилиши фонида бундай чекловларни нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатлари жорий этаётганини эслатган.

Молиячи Отабек Бакиров вазирлик изоҳидаги паррандалар сони 1 миллионга қисқаргани бўйича маълумотга эътибор қаратган:

«Экспортга чекловлар тухум ишлаб чиқаришни кескин қисқартиради. Тадбиркор ва фермерларда хўжаликларни кенгайтиришга бўлган стимулни ўлдиради. Вазирлик хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайганига эътибор қаратган. Гап шундаки, парранда сонининг қисқариши экспортга чекловлардан кейин янада тезлашади. Чунки энди товуқдан тухум олиш эмас, сўйиб юбориш афзаллиги юзага келади», — дейди Отабек Бакиров.

Ўзбекистонда тухум нархининг сезиларли даражада ошиш ҳолати 2017 йилда кузатилган бўлиб, кўрсаткич 21,1 фоизни ташкил этган. Бунгача бўлган йилларда эса нарх суст равишда кўтарилган ва ҳатто камайган ҳам. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўсиш сурати 2018 ва 2019 йилларда мос равишда 9,4 ва 17,1 фоизни қайд этган. 2020 йилга келиб эса тухум нархи сезиларли даражада ошган бўлиб, кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144,1 фоизга етган. 10 дона тухум нархи 2020 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра ўртача 9–11 минг сўмни ташкил этган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг хабар беришича, 2021 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20–22 фоизгача қимматлашган. Йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлаган. Бу даврда Ўзбекистон бозорларида тухум (10 дона) ўртача 7–15 минг сўм қийматда сотилган. Аммо йил бошидан буён тухум нархи бор-йўғи 1,3 фоизга қимматлагани расман эътироф этилади.

Шунингдек, вазирлик баёнотида кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайганлиги айтилган (маълумот қайси даврга нисбатан таққосланганлиги ҳақида эса ҳеч нарса дейилмаган). Паррандалар сонининг камайишига эса хўжаликларда озиқа базасининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар сабаб қилиб кўрсатилган.

Бироқ Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 октябрь ҳолати бўйича республикада паррандаларнинг умумий сони 86,2 миллион бошга етган бўлиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда ўсиш суръати 104,7 фоизга тенг бўлган. 2021 йил мобайнидаги паррандалар сонининг ўзгариш ҳолати ҳақида эса ҳозирча расмий маълумот берилгани йўқ.

«Bugun.uz» манбасига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда парранда хўжаликлари «товуқ гриппи» касаллигидан азият чеккан. Фермерлар парранда касаллиги туфайли кўплаб товуқларнинг нобуд бўлишидан зарар кўрган.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади