16:33 | 08.01.22 85

Махсус кучлар ва ҳарбий разведка. КХШТ давлатлари Қозоғистонга қандай бўлинмаларни жўнатди?

Ташкилот вазиятдан келиб чиқиб мамлакатга 2500 аскар юбориш тўғрисида қарор қабул қилган

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни мамлакатда бошланган тартибсизликларни ташқи тажовуз деб атади ва КХШТ — Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва бошқа давлатларни ўз ичига олган мудофаа блокига мурожаат қилганини айтди. КХШТ Кенгаши ўша куни кечқурун Қозоғистон ҳукуматига ёрдам бериш учун қўшин юборишга рози бўлди. 6 январь куни ташкилот бош котиби Станислав Зась вазиятдан келиб чиқиб, Қозоғистонга 2500 аскар юбориш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтди.

Фото: «Известия»

Россия

Тўқаевнинг илтимосига жавобан биринчи бўлиб Москва Қозоғистон ҳудудига ҳарбий хизматчиларни юборишни бошлади ва 45-ҳаво-десант махсус кучлари бригадасининг КХШТ операциясида иштирок этиши маълум бўлди. Бу рус армиясидаги энг элита бўлинмалардан бири ҳисобланади.

Бу бўлинма ҳарбий хизматчилари Чеченистондаги биринчи ва иккинчи урушларда, 2008 йилдаги Россия–Грузия урушида, 2014 йилда Россиянинг Қримдаги операциясида, шунингдек, Суриядаги урушда қатнашган. 45-бригаданинг асосий ихтисослиги мураккаб разведка ва диверсиялар ўтказишдир.

Бир қатор оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, 98-ҳаво-десант дивизиясининг аскар ва зобитлари ҳам Қозоғистонга жўнатилган. Ушбу бўлинма ҳарбийлари 1996 йилда Босния ва Герцеговинада, 1998 йилда Грузия–Абхазия можароси ҳудудида ва 1999 йилда Косовода олиб борилган тинчликпарвар операцияларда қатнашиш ҳисобига улкан тажрибага эга.

Россиянинг «Звезда» телеканали хабарига кўра, Қозоғистонга Ульяновск шаҳридан 31-гвардия ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари ҳам борган. Россия ҳаво-десант кучларининг 31-бригадаси аскарлари Қримни аннекция қилиш пайтида амалга оширилган Россия операцияси чоғида қайд этилган.

Беларусь

103-Витебск гвардия ҳаво-десант бригадасининг тинчликпарвар бўлинмаси Россия самолётларида Беларусдан Қозоғистонга жўнаб кетган. СССР Ҳаво-десант кучларининг 103-дивизияси асосида ташкил этилган ушбу бўлинма Беларусь Қуролли кучларининг махсус операцияларда қатнашувчи кучлари таркибига киради. Бу дивизия Иккинчи жаҳон урушида, кейинроқ 1968 йилда Совет қўшинларининг Чехословакияга, 1979–1989 йилларда Афғонистонга бостириб киришида қатнашган.

Бригаданинг тинчликпарвар бўлинмаси тўлиқ шартнома асосидаги аскарлардан иборат. У, жумладан, БМТ шафелигида Ливандаги операцияда, жумладан, Италия контингенти таркибида иштирок этган. 2018 ва 2019 йилларда унинг ҳарбий хизматчилари Британиядаги армия мусобақаларида қатнашган. Унинг таркиби доимий равишда 100 кишидан иборат бўлиб, агар керак бўлса, уни 300 кишига ошириш мумкин.

Арманистон

Маълумотларга кўра, Арманистон 12-тинчликпарвар бригадаси ҳарбийларини Қозоғистонга юборган. Аммо Арманистон Мудофаа вазирлиги бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.

Мамлакат армиясининг ушбу бўлинмаси хориждаги тинчликпарвар миссияларда қатнашишга ихтисослашган ва Ливан, Косово, Ироқ ва Афғонистондаги халқаро операцияларда қатнашган. 2018 йилнинг баҳорида бу бригаданинг бир қисми мухолифатнинг Ереванда юришига қўшилган. Ўша норозиликлар оқибатида ҳокимият тепасига амалдаги бош вазир Никол Пашинян келган ва айнан у Қозоғистонга КХШТ қўшинлари юборилганини эълон қилган — бу Арманистоннинг ҳозирда ташкилотга раислик қилаётгани билан боғлиқ. Арманистон контингенти 70 кишидан иборат.

Қирғизистон

СССР парчаланганидан кейин Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. Вақти-вақти билан мамлакатлар ўртасида сув ресурслари, иқтисодий ва сиёсий масалалар бўйича низолар келиб чиқади. Шунга қарамай, расмий Бишкек Қозоғистонга тинчликпарвар кучларини юборишга қарор қилди. 7 январь куни эрталаб Қирғизистон парламенти аъзолари 150 нафар ҳарбий хизматчи, 8 та зирҳли техника ва 11 та техникадан иборат контингентни жўнатишни маъқуллади.

Ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида 25-«Скорпион» махсус мақсадли бригадаси Қозоғистонга жўнатишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу элита бўлинмаси бўлиб, шаҳар шароитида жанговар ҳаракатларга, шунингдек, ҳужумлар ва разведка чиқишларига ихтисослашган бўлинмаларни ўз ичига олади. Аммо ҳукумат бу хабар бутунлай ёлғон маълумот эканини маълум қилди.

Тожикистон

Тожикистон Қозоғистонга 200 га яқин аскарини жўнатди. Аммо мамлакат тинчликпарвар кучларининг таркиби ҳозирча номаълум.

Мавзуга доир: Ҳаво-десант бўлинмалари ва тинчликпарвар кучлар: Қозоғистонга КХШТ кучлари киришни бошлаганди

Аввалроқ Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарган ва республика Хавфсизлик кенгашини бошқариб, биринчи давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни бу лавозимдан четлатганди. Бундан ташқари, президент ҳокимият ҳуқуқбузарларга нисбатан имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилишини таъкидлаган ва яқин орада «янги таклифлар пакети билан чиқишга» ваъда берган.