Германиялик олимлар коронавируснинг организмда аломатларсиз ўтиши қандай хавфли оқибатга олиб келишини аниқлади. Бу ҳақда «European Heart Journal» хабар берди.

Фото: «Depositphotos»

Олимларнинг огоҳлантиришича, касалликнинг енгил кечиши ҳам турли органларнинг шикастланишига олиб келиши мумкин. Буларга, жумладан, ўпка ҳажмининг кичрайиши, ҳаво йўллари қаршилигининг ошиши, юрак муаммолари, буйраклар фаолиятининг кучсизланиши ва тромбоз хавфининг ошиши киради.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, олинган маълумотлар жуда муҳим ҳисобланади. Чунки ҳозирда бутун дунё бўйлаб тарқалаётган «омикрон» штами қисман аломатларсиз ёки енгил кўринишда намоён бўлмоқда.

«Омикрон» штами биринчи марта 2021 йил ноябрь ойи бошида Ботсвана ва Жанубий Африкада аниқланган. Коронавируснинг бу варианти ўнлаб мутациялар билан ажралиб туради, бу эса уни жуда юқумли ва иммунитетга чидамли қилади. Кўпгина мамлакатларда «омикрон» аллақачон касалланиш кўрсаткичининг сезиларли даражада ошишига олиб келган.

Аввалроқ коронавирус учун экспресс-тест топширишда йўл қўйиладиган хатолар айтилганди. Шунингдек, кимлар бир вақтнинг ўзида грипп ва ковидга чалиниши мумкинлиги маълум қилинганди.