Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонга ҳали коронавируснинг «омикрон» штами кириб келгани йўқ. Лекин кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ мамлакат вируснинг кўтарилиш хавфига тайёр (тўғри, ўзимиз ҳам чалкашиб кетдик).

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (охирги пайтларда сустлашиб қолган СЭОМ) бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқланмагани, бироқ хотиржамликка берилиш керак эмаслигини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳали «омикрон» штами аниқлангани йўқ, лекин аниқланиб қолса ҳам мамлакат унинг хавфига тайёр. Отабеков олдинги гапнинг биринчи қисмида аҳолини хотиржамликка берилмасликка чақирди, иккинчи қисмида эса хотиржам бўлишга. Хуллас, хотиржамликка берилмасдан, хотирингизни жам қилинг.

Аи-80 бензинининг нархи сезиларли даражада пасайди. Лекин бу бир кунлик кўрсаткич, холос.

Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида 8 январь куни Аи-80 бензинининг нархи 6,3 фоизга камайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7474,4 минг сўмни ташкил қилди. Ушбу Аи-80 бензинининг биржадаги нархи литрга ўтказилганда маҳсулотнинг бир литри таҳминан 5700 сўмни ташкил қилади.

Фото: «Bugun.uz»

Бу нарх узоқ сақланиб қолмаслиги ва «заправка»ларда ўз аксини топмаслиги мумкин. Чунки бу фақатгина биржадаги (ва) бир кунлик нарх, эртага яна ўзгариши мумкин (балки ошар, балки тушар, ким билсин).

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Деновда савдо мажмуасидаги портлаш бўйича якуний нуқта: у қасддан уюштирилмаган.

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Indenim» савдо мажмуасида бўлган портлаш юзасидан ҳукумат комиссисининг хулосаси эълон қилинди.

Кадр: Telegram

Ўрганишлар давомида мазкур объектда портловчи моддалар излари мавжуд эмаслиги ҳамда портлашга хос бўлган ўзгаришлар, яъни «воронка» ва портлатиш қурилмасининг бўлаклари аниқланмаган.

Хулосада айтилишича, мажмуада содир бўлган чақнаш бино остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмасининг ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқуннинг таъсири натижасида рўй берган.

Ўзбекистонда 2021 йил мобайнида давлат харидлари бўйича бир миллиондан ортиқ битимлар тузилган. Бунинг учун 11,0 триллион сўмлик маблағ сарфланган. Бу 2020 йилга нисбатан қарийб 33 фоизга кўп.

Фото: «Bugun.uz»

Республика товар-хом ашё биржасининг хабар қилишича, 2021 йилдаги битимлар ҳажми 2,6 баравар ўсган бўлиб, уларнинг сони 2020 йилга нисбатан 33,6 фоизга кўпдир. Амалга оширилган электрон давлат харидларининг 60 фоизи корпоратив буюртмачилар, 40 фоизи эса бюджет буюртмачилари томонидан амалга оширилган.

Энг кўп харидлар соғлиқни сақлаш (1 триллион 102,5 миллиард сўм), олий ва ўрта махсус таълим (504,1 миллиард сўм) ва халқ таълими (356,3 миллиард сўм) соҳалариларида амалга оширилган. Ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти етакчи бўлган (жами битимларнинг 42 фоизи).

Шахматнинг рапид йўналишида FIDE жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга совға қилинган уй қайтариб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Туризм ва спорт вазирлиги буни рад этди.

Туризм ва спорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга совға қилинган уй қайтариб олингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, 7 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Фахриддин Давруков чемпион ва унинг ота-оналарини Президент совғаси — 2 хонали квартира билан таништирган. Тарқатилаётган хабарлар эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Тез кунларда қонунчиликда белгиланган расмиятчилик ишлари якунланиб, ушбу хонадон Нодирбек Абдусатторовга топширилади.

Хўш, оламда нима гап?

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувини ўғлига топшириши мумкин. Мамлакатда «Дўзах дарвозаси» ҳам ёпилади.

Фото: «ТАСС»

Туркманистонда 2022 йил февраль ойи бошида мамлакат олий қонун чиқарувчи органи — Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилади. Баъзи тахминий маълумотларга кўра, бу галги мажлисда Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувини ўғлига топшириш таклифини илгари суриши мумкин.

Бошқа маълумотларга қараганда, Ашхободда навбатдан ташқари президентлик сайловлари март ойида бўлиб ўтиши ҳам мумкин. Асосий номзод эса президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов бўлади.

Бундан ташқари, Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматга халқ тилида «Дўзах дарвозаси» номи билан танилган газ кратери масаласини ҳал қилиш бўйича топшириқ берган.

Фото: «РИА Новости»

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу ҳудудда узоқ йиллардан буён жуда катта миқдорда қимматбаҳо газ ёниб келмоқда. Бундан ташқари, у атроф-муҳитга ва яқин атрофда яшовчи одамларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Шу муносабат билан Бердимуҳамедов газ кратери муаммосини ҳал қилиш учун илмий муҳокамалар ташкил этиш, зарурат туғилганда хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича топшириқ берган.

Қорақум чўлидаги ёнаётган газ кратери халқ томонидан «Дўзах дарвозаси» деб аталган. У Ашхободдан 260 километр шимолда жойлашган бўлиб, олимлар ва сайёҳларни ўзига тортадиган диққатга сазовор жойга айланган. Ушбу кратер ҳақида кўпроқ бу ерда.

Қозоғистондаги тартибсизликлар. Қўшни давлатдаги вазият бўйича хабарлар пунктларда:

  • Мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари, собиқ бош вазир Карим Масимов қўлга олинди;
  • Собиқ президент Нурсултон Назарбоев пойтахт Нур-Султонда экани маълум қилинди;
  • Қозоғистонда 10 январь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди;
  • Махсус кучлар ва ҳарбий разведка. КХШТ давлатлари Қозоғистонга қандай бўлинмаларни жўнатди?;
  • Қозоғистондаги инқирознинг сабаб ва оқибатлари. Ўзбекистонликлар нима қилиши керак?;
  • Қозоғистондаги тартибсизликлар: блогерлар нима дейди?;
  • Қозоғистондаги тартибсизликлар. Хорижлик экспертлар нима дейди?

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.