Исроилда аниқланган «флурона» штами бир ёшгача бўлган чақалоқлар ва қарияларда оғир кечиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Gazeta.ru» хабар берди.

Фото: «CBC»

Маълум қилинишича, юқоридаги хулоса Москва эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот институти клиник ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Татьяна Руженцова томонидан билдирилган.

«Бир ёшгача бўлган болалар ва қарияларда, шунингдек, юрак-қон томир ёки бронх-ўпка патологияси, қандли диабет билан оғриган беморларда ‘флурона’нинг оғир ва узоқ давом этиш хавфи анча юқори», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, касалликнинг оғир кечишига таъсир қилувчи омиллар орасида эмлашлар, сурункали касалликлар бўлиши мумкин. Даволашнинг ўз вақтида бажарилиши ҳам муҳим ҳисобланади. Эмланмаган ва эҳтиёт чораларини кўрмаган одамлар бир вақтнинг ўзида коронавирус ва гриппни юқтиришга мойил бўлади.

Маълумот ўрнида, Исроилда дунёда биринчи марта коронавирус ва грипп билан бир вақтда касалланиш ҳолати қайд этилганди. Янги штамм «флурона» деб номланган бўлиб, у коронавирусга қарши эмланмаган туғруқ ҳолатидаги аёлда қайд этилган. Унинг бир вақтда ҳам коронавирус, ҳам грипп билан касаллангани бир қанча тестлар ёрдамида аниқланган.

Аввалроқ коронавируснинг буйрак учун хавфли экани аниқланганди. Шунингдек, инсон танасидаги коронавирус миқдорини аниқлайдиган тест ишлаб чиқилганди.