Ўзбекистонда 2021 йил мобайнида давлат харидлари бўйича бир миллиондан ортиқ битимлар тузилган. Республика товар-хом ашё биржасининг хабар қилишича, ушбу харидларни амалга ошириш учун жами 11,0 триллион сўмлик маблағ сарфланган.

Фото: Shutterstock

Шунингдек, 2021 йилдаги битимлар ҳажми 2,6 баравар ўсган бўлиб, уларнинг сони 2020 йилга нисбатан 33,6 фоизга кўпдир. Амалга оширилган электрон давлат харидларининг 60 фоизи корпоратив буюртмачилар, 40 фоизи эса бюджет буюртмачилари томонидан амалга оширилган.

Маълум қилинишича, энг кўп давлат хариди қуйидаги соҳаларда бўлган:

  • соғлиқни сақлаш соҳасида — 1 триллион 102,5 миллиард сўм;
  • олий ва ўрта махсус таълим тизимида — 504,1 миллиард сўм;
  • халқ таълими тизимида — 356,3 миллиард сўм.

Ҳудудлар бўйича қаралганда эса энг йирик битимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (41,9%), Навоий (13,2%), Фарғона (5,7%) ва Самарқанд (5,4%)  вилоятларида тузилган.

Шунингдек, хабарда Давлат харидларини электрон савдо тизими — xarid.uzex.uz’да амалга ошириш ҳисобига 1,7 триллион сўмлик бюджет ва корпоратив буюртмачилар маблағлари тежалганлиги ҳам айтиб ўтилган.

Маълумот учун, xarid.uzex.uz ягона портали Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси томонидан жорий этилган бўлиб, бундан мақсад буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш ҳисобланади. Мазкур порталда давлат харидларининг барча турлари бирлаштирилган ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жорий қилинган. Фойдаланувчилар давлат харидлари бўйича ягона порталида бир маротаба рўйхатдан ўтиб, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварағидан фойдаланишлари мумкин.

Аввалроқ Аксилкоррупция агентлиги давлат харидларидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар берган эди.