Қорақалпоғистон ва Хоразм учун алоҳида солиқ сиёсати: ҳукумат режаси қандай?
Молия вазирлиги Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида алоҳида солиқ сиёсатини жорий этиш, шунингдек, айрим товарлар импортида божларни бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Унга кўра, 2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун:
- фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларини 1 фоиз этиб белгилаш;
- мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида белгилаш назарда тутилган.
Президентнинг тегишли фармони билан маъқулланган таклифлар бўйича тайёрланган қонун лойиҳасида 2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича:
- фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтириш;
- улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хом ашё, материалларни божхона божидан озод қилиш;
- Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли даврни беш йил этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлар инобатга олинган.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун «ўсиш нуқтаси» деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга; Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши режалаштирилган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари — 2026 йил 1 январга қадар бўлган муддатга фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
Айни пайтда қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.