Бир неча кундан буён қўшни Қозоғистонда сиёсий инқироз давом этмоқда. Дастлаб ижтимоий норозилик намойишлари сифатида бошланган инқироз сиёсийлашиб, ҳарбий инқирозга айланишга ҳам улгурди. Хўш, ҳаммаси нимадан бошландию, қаерга етиб келди? Энди нима бўлади? Ўзбекистонликлар бундай вазиятда нималарга аҳамият бериши керак? Худди шундай саволларга «Bugun.uz» колумнисти, ЎзР ФА Шарқшунослик институти таянч докторанти Жаҳонгир Остонов жавоб беради. 

Ҳаракатнинг бошланиши

Фото: «Tengrinews»

Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг йирик давлат саналиб, бугунги кундаги сиёсий инқироз 2022 йил 2 январь куни суюлтирилган газнинг амалдаги нархи — 60 тенгени 100 фоиз ошириш (120 тенге) натижасида Манғистов вилояти, Жанаўзен шаҳрида бошланиб, мамлакат бўйлаб кенг тарқалди. Хусусан, мамлакатнинг собиқ пойтахти Олмаота, Оқтов, Оқтўбе, Қарағанда, Остона, Чимкент, Кокшетау ва Уральск шаҳарларида ҳам оммавий норозилик намойишлари сифатида бошланди. Кўпчилик учун нега айнан газ масаласи жуда катта резонансга сабаб бўлди, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон каби Қозоғистонда ҳам транспорт воситаларининг катта қисми айнан газда юришга ихтисослашган.

Инқироз сабаблари

Бугунги кунда кўпчилик таҳлилчи ва экспертлар томонидан воқеаларнинг кескинлашув жараёни режалаштирилган сценарий асосида олиб борилгани таъкидланмоқда. Аммо унинг ортида турган шахслар ва мақсадлар борасида турли тахминлар мавжуд.

Албатта, мазкур масалага айни бугунги кунда жавоб топиш ниҳоятда қийин. Лекин шу вақтга қадар бўлиб ўтган воқеалар хронометражи асосида маълум хулосалар қилиш мумкин.

  • Узоқ муддат давомида ҳокимиятнинг бир шахс ва унинг атрофида тўпланган субъектлар томонидан бошқарилиши ва мазкур давр давомида уларнинг мавжуд ҳокимият кучидан бойиши оддий халқ орасида норозилик келтириб чиқарди. Бу жараённи янада кучайтирган омиллар сифатида пойтахт Остона номининг Нурсултон дея номланиши, янги намунадаги Назарбоев тасвири тушурилган купюра жорий этилиши, унинг шу вақтга қадар Хавфсизлик кенгаши раислиги лавозимини сақлаб келгани, юқори даражадаги дипломатик миссияларда доимий иштирокини санаб ўтиш мумкин.
  • Ҳаракатнинг Олмаотада энг юқори нотага етиши асосан унинг географик жойлашувига боғлиқ саналади. Бу эса шаҳар жануби-ғарбида Олатов тоғлари мавжудлиги билан характерланади. Чунки унда маълум ҳарбий тайёргарлик кўриш мумкин бўлган лагерлар жойлаштиришнинг имконияти мавжуд. Зотан, бундай маълумотни Нурсултон Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертысбаев ҳам тасдиқлади.
  • Айни дамда тинч ўтаётган намойишларнинг ҳокимият ва полицияга қарши қуролланган ҳолда қаршилик кўрсатишига сабаб сифатида ҳаракат сафидагиларнинг доимий моддий рағбатлантирилганлиги, уларга қурол етказиб берилганлигини кўрсатиш мумкин. Бу ҳақда Чимкент шаҳар администрацияси раҳбари ўринбосари Шингиз Муканнинг билдирган фикрига таянган ҳолда айтадиган бўлсак, бу ҳаракатни молиялаштирган шахслардан бири сифатида Мухтар Аблязовни (унинг ўзи ҳам мазкур фикрни тасдиқлади) тахмин қилиш мумкин. Зеро Чимкентда қўлга олинган намойишчилар сўроқ давомида уларга пул ва маст қилувчи ичимликлар берилганлиги ҳақида кўрсатма беришлари ва М.Аблязовнинг ундан олдин бўлиб ўтган митингларда ҳам раҳнамо бўлиб четдан ҳаракатни қўллаганлиги унинг молиявий қудрати етарлича эканлиги (БТА банкига 6 миллиард зарар келтирган ва шу сабабли 20 йиллик қамоқ жазоси унга нисбатан тайинланган), унинг айнан Жанубий Қозоғистон ҳудудида туғилганлиги ҳаракатнинг айнан мамлакат жануби, жануби-шарқи ва шарқий қисмларида авж олиши билан боғлиқ бўлишини ҳам тўлиқ инкор этиб бўлмайди.
  • Ҳаракатнинг стихияли тарзда эканлигини исботловчи яна бир далил унинг айнан таътил даврида амалга оширилганлигида ҳамдир. Зеро бу даврда йирик давлат раҳбарлари қарор қабул қилишда кечикканлигини кўришимиз мумкин, шу сабабдан мазкур ҳаракат норозилик ҳаракати кўринишидан, безорилик ва талончилик характерига эга бўлди.
  • Инқирознинг авж олишига яна бир сабаб сифатида мамлакат ҳудудига КШХТ қўшинларининг олиб кирилишини келтириш мумкин. Зеро намойишчилар гуруҳи «Қозоғистонни озод этиш фронти» номи остида қуролланган гуруҳ тузилганини эълон қилди. Улар мамлакатдаги КХШТ кучларига қарши курашиш ва Қозоғистонни озод қилиш бош мақсадлари эканини эълон қилди.

Инқироз оқибатлари 

Фото: «TАСС»

Намойишлар бошлангандан буён намойишчилар, давлат ҳокимияти вакиллари ва тинч аҳоли ўртасида йўқотишлар мавжуд. Аммо уларнинг аниқ сони борасида бугун хулоса қилиш қийин, маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан берилаётган хабарларга таяниб айтадиган бўлсак, бугунги вақтга қадар намойишчилардан 26 киши, ҳукумат қўшинларидан 18 киши вафот этганлиги, жароҳат олганлар ҳарбийлар орасида 700 дан ортиқ, намойишчилар орасида 500 дан ортиқ кишини ташкил қилиши, қўлга олинган намойишчилар сони 5000 тага етганлиги айтилди. Тинч аҳоли орасида йўқотишлар ҳақида ҳали аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бу мустақилликдан кейин Қозоғистонда юз берган энг йирик йўқотиш сифатида баҳоланиши мумкин.

Албатта, мавжуд вазият нафақат сиёсий инқирозни, балки иқтисодий йўқотишлар ва эҳтимолий жаҳон бозоридаги маълум маҳсулот ишлаб чиқаришдаги таназзулни келтириб чиқариши мумкин. Буни бевосита инқироз бошланган даврдан буён уран нархининг 8 фоизга ошиши, Қозоғистон майнинг қилиш бўйича иккинчи ўринда турувчи биткоиннинг ҳам 6 январь кундаги нархи 7 фоизга тушиб кетди. Шу билан бирга нефт, газ ва бошқа фойдали қазилмаларнинг ҳам нархлари ўсиши ва тушишида Қозоғистондаги воқеалар ривожи таъсир этади.

Мамкалатдаги бизнес ҳам тартибсизликлар, фавқулодда ҳолат жорий этилиши фонида жуда катта зарар кўрди. Хусусан, мамлакатнинг йирик банклари Каспи Банк, Миллий банк кабиларнинг фонд биржасидаги нархи сезиларли даражада пасайганлиги бунга мисол бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра зарар миқдори ҳозирча 92 миллион долларни ташкил этган, бу албатта якуний рақамлар эмас.

Фото: «Reuters»

Хулоса

Қозоғистонда юз бераётган мавжуд вазият минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам салбий таъсир этади. Чунки Қозоғистон Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий савдо ҳамкори (ўзаро савдо айланмаси 2021 йил ҳисобида 3,5 миллиард долларни ташкил этган, шундан 2 миллиарди — импорт), шу билан бирга, у Ўзбекистон учун асосий транзит вазифасини ўтовчи давлатлардан бири (асосий меҳнат мигрантлари авиачипталар қиммат бўлганлиги сабабли автобус ва поездларда РФ ҳудудига Қозоғистон орқали боришни афзал билишади). Яқинда ўрнатилган иттифоқчилик муносабатлари асносида Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари интеграцияси чуқурлашувида икки йирик давлатлардаги стабиллик муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қозоғистондаги мавжуд танланган норозилик ҳаракати яқин келажакда, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий инқироз келтириб чиқариш хавфи мавжуд, шу билан бирга, давлат суверинитети масаласи ҳам хавф остида қолиш эҳтимоли катта.

Мазкур вазиятдан тезда чиқиш, муаммони дипломатик тинч йўл билан ҳал этиш (Ўзбекистон томонидан ҳам айнан шу таклиф илгари сурилди), мамлакат аҳолиси, унинг ҳамкорлари учун ҳам зарур. Бундай вазиятлардан ўзбекистонликлар ҳам чуқур хулосалар қилишлари лозим бўлади. Ҳар қандай беқарорлик мамлакат келажагини жуда узоқ йиллар ортга олиб кетиши мумкин.