Коронавирус янги штамларининг ҳайвонлар муҳитига кириши вируснинг жиддий мутацияларига ва касалликнинг яна оммавий тарқалишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда «Ura.ru» хабар берди.

Фото: «International Atomic Energy Agency»

Маълум қилинишича, Урал федерал округи бош профилактологи, Тиббиёт профилактикаси мутахассислари жамияти илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Сергей Токарев ва микробиолог, тиббиёт фанлари доктори, Россия Фанлар академиясининг академиги Виталий Зверев юқоридаги хулосани билдирган.

Токаревнинг сўзларига кўра, нафақат одамлар орасида, балки ҳайвонлар орасида ҳам «омикрон» штамининг тарқлишини диққат билан кузатиб бориш зарур, чунки ҳайвонлар орасида унинг тарқалиши бир кун келиб маълум бир «супермутант» пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Олимнинг таъкидлашича, вируснинг мутацион салоҳияти якунига етмаган, пандемия ҳам фақат «омикрон» штами билан тугамаслиги мумкин.

Зверевнинг қўшимча қилишича, коронавирус ўзи учун қулай ташувчини топганида жиддий ўзгарган ҳолда ҳалокатли бўлиб қолади ва бутунлай бошқа хусусиятларни ўзига жамлай олади.

Микробиологнинг таъкидлашича, назарий жиҳатдан кўршапалаклар популяциясига коронавируснинг турли хил вариантларининг кириб бориши уларни сезиларли даражада ўзгартиради, бу эса касалликнинг янги тўлқинлари келиб чиқишига олиб келади.

Аввалроқ россиялик вирусолог янги коронавирус турлари пайдо бўлишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, коронавируснинг организмда қанча вақт сақланиб қолиши мумкинлиги аниқланганди.