Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ҳайдовчининг мастлик ҳолатини стакан орқали текширмоқчи бўлган йўл-транспорт хизмати ходимига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, ЙПХ ходими О.Эгамбердиев «Lacetti» ҳайдовчисини тўхтатган ва ҳайдовчи спиртли ичимлик ичган ёки йўқлигини бир маротаба фойдаланиладиган стакан орқали текширмоқчи бўлган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув хулосасига кўра, хизмати мобайнида «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузгани учун ЙПХ инспекторига нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилиши белгиланган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган инспекторга қаттиқ ҳайфсан берилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида ЙПХ ходими «маска отмен бўлганини» айтиб, фуқарога нотўғри маълумот етказгани учун унга нисбатан вилоят ИИББ томонидан хизмат текшируви тайинланган.