Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида 2022 йилнинг 2 январь куни бошланган «газ намойишлари»‎ стихияли қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Бутун мамлакатни қамраб олган хаос кутилмаган оқибатларни келтириб чиқарди. Хусусан, амалдаги ҳукумат тарқатиб юборилди, Нурсултон Назарбоев давлат бошқарувидаги ягона роли — Хавфсизлик кенгаши раислигидан маҳрум бўлди. Бироқ раҳбариятнинг ён босишлари кўзланган натижани бермади. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кескин қарор қабул қилишга мажбур бўлди — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ — ОДКБ) коллектив кучларни мамлакат ҳудудига киритишни илтимос қилди!

Тошкент пакти нима? Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қачон ташкил этилган? Унинг мақсад ва вазифаларини нималар ташкил қилади? Ташкилотнинг Ўзбекистон билан муносабатлари қандай? Унинг Қозоғистондаги миссияси нималардан иборат? «Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу хусусда сўз юритади.

Фото: «БелТА»

СССР қулагандан сўнг минтақа давлатлари хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аъзо давлатлар мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жамоавий асосда муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор минтақавий ва халқаро ташкилотларга бирлашди. Жумладан, 1991 йилда Россия, Украина ва Беларусь томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилоти, 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солинди. Кейинги йиллар давомида минтақа мамлакатлари томонидан бошқа бир қатор ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий бирлашмалар тузилди. Шундай ташкилотлардан бири Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (кейинги ўринларда — КХШТ) ҳисобланади.

Шартномадан ташкилотгача

1992 йил 15 май куни Тошкентда (шу сабабдан шартнома Тошкент пакти, шартномаси деб ҳам аталган) Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон томонидан Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. 1993 йилда эса унга Озарбайжон, Грузия ва Беларусь қўшилади.

1994 йил 20 апрелда Тошкент пакти кучга кирган. Шартнома келгусида узайтириш имконияти билан 5 йил муддатга тузилади. Унга аъзо давлатлар ўз зиммасига халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик, куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ҳамда потенциал низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш мажбуриятини оладилар. Шунингдек, аъзо давлатлар КХШТ аъзоларига қарши ҳарбий-сиёсий блокларга кирмасликка, уларнинг манфаатларига путур келтирадиган ҳаракатларда иштирок этмасликка келишиб олади.

1999 йил 2 апрелда Россия, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, ва Тожикистон томонидан шартноманинг амал қилишини келгуси 5 йилга узайтириш тўғрисидаги баённома имзоланади. Бироқ Ўзбекистон, Грузия ва Озарбайжон шартномани узайтиришни рад этган.

2002 йилгача шартнома моҳиятан минтақавий келишув бўлиб, ҳарбий-сиёсий соҳада ўзаро ҳамкорликни сақлашда муҳим роль ўйнаган. Шу йилнинг 14 май кунига келиб, Тошкент пактига минтақавий халқаро ташкилот мақоми берилди. Орадан 2 йил ўтиб, КХШТ БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомини олди.

Фото: КХШТ
КХШТ байроғи (1) ва герби (2)

Шундай қилиб, бундан 20 йил аввал халқаро минтақавий ташкилот мақомини олган, коллектив хавфсизлик борасидаги умумий манфаатларга эга бир қанча давлатларни бирлаштирган КХШТ расман фаолиятини бошлади.

Ташкилот бошқаруви

Коллектив хавфсизлик шартномасига кўра, аъзо давлатлар биргаликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш, ҳарбий-сиёсий вазиятларда ягона позицияга келиш ва ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ташкилот тузилмасини шакллантиради. Жумладан, қуйидагилар ташкилотнинг ваколатли органлари ҳисобланади:

а) Коллектив хавфсизлик кенгаши (КБС) — асосий бошқарув органи бўлиб, ташкилот фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади ва унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган қарорлар қабул қилади. Шунингдек, бу мақсадларга эришиш учун аъзо давлатларни мувофиқлаштириш ва биргаликдаги фаолиятини таъминлайди. Кенгаш аъзо давлатлар раҳбарларидан иборат таркибда тузилади.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (СМИД) — ташқи сиёсат соҳасида аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича ташкилотнинг маслаҳатчи ва ижро этувчи органи ҳисобланади. Шунингдек, унинг таркибида Афғонистон масалалари бўйича ишчи гуруҳ фаолият юритади.

  • Мудофаа вазирлари кенгаши (СМО) — ҳарбий сиёсат, ҳарбий-ташкилий ривожланиш ва ҳарбий ҳамкорлик соҳасида аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича ташкилотнинг маслаҳатчи ва ижро этувчи органи ҳисобланади.
  • Xавфсизлик кенгаши котиблари қўмитаси (КССБ) — ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича ташкилотнинг маслаҳатчи ва ижро этувчи органи ҳисобланади.
  • Доимий кенгаш (ПС) — ташкилотнинг мувофиқлаштирувчи органи бўлиб, кенгаш сессиялари оралиғида ташкилот доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади ва доимий ишчи органлар билан биргаликда СМИД, СМО ва КССБ томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди.

Ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи ишчи органи ташкилот котибияти ҳисобланади. Ташкилотнинг бутун фаолиятига КХШТ бош котиби раҳбарлик қилади. Шунингдек, КХШТ Парламентлар Ассамблеяси ҳам мавжуд бўлиб, у парламентлараро ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштиради.

Доимий ишчи органлар фаолияти аъзолик бадаллари ҳисобидан шакллантириладиган ташкилот бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари

Коллектив хавфсизлик кенгаши аъзо давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини таъминлаш ва мувофиқлаштириш вазифасини олади. Ташкилотнинг мақсади тинчлик, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жамоавий асосда ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Бу мақсадларга эришиш учун эса ташкилот аъзо давлатларда хавфсизлик, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга таҳдид туғилганида коллектив хавфсизлик тизимини шакллантириш бўйича минтақавий ҳарбий гуруҳлар, тинчликпарвар кучларни ўз ичига олган қўшма чораларни кўради. Шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорлик, қуролли кучлар, ҲМҚО ва махсус хизматларни зарур қуроллар, махсус техникалар ва ҳарбий хизматчилар билан таъминлаш ва мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликни таъминлайди.

Фото: «Bugun.uz»

Аъзо давлатлардан бирига тажовуз бўлган тақдирда унинг илтимосномасига асосан бошқа давлатлар томонидан Коллектив хавфсизлик шартномаси ва БМТ низомига асосан жамоавий асосда ҳарбий ёрдам кўрсатилади.

Шу билан бирга ташкилот аъзо давлатларнинг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ноқонуний миграцияга қарши курашишга масъул органлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунингдек, КССБ таркибида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ахборот сиёсати ва хавфсизлиги масалалари бўйича ҳам ишчи гуруҳлар фаолият юритади.

Ҳарбий тузилма

КХШТ ҳарбий салоҳияти асосини тезкор ҳаракатланувчи Коллектив кучлар, минтақавий (бирлашган) қўшинлар, Коллектив авиация ва тинчликпарвар кучлар, бирлашган ҳарбий тизимлар ва ҳарбий инфраструктура объектлари ташкил этади. Улар эса биргаликда КХШТ қўшини (Коллектив кучлар) ҳисобланади.

2020 йилгача бўлган даврда КХШТга аъзо давлатларнинг ҳарбий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари доирасида икки томонлама асосда рус-беларусь ва рус-арман блоки ташкил этилган.

2001 йилда КХШТ форматида Марказий Осиёда жамоавий хавфсизлик минтақасида тезкор жойлаштириш Коллектив кучлари (КСБР САР) ташкил этилган бўлиб, ўшанда уларнинг сони 5000 га яқин эди.

2004 йилда КХШТнинг Бирлашган штаб-квартираси ўз ишини бошлайди. Штаб-квартиранинг асосий вазифалари этиб, коллектив кучларни шакллантириш, фаолият юритиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, мудофаа вазирликлари билан биргаликда тезкор ва жанговар тайёргарликни ошириш, ҳарбий-техник тайёргарлик ва мутахассислар тайёрлаш белгиланди.

2009 йилда эса ташкилотга аъзо давлатлар ҳарбий контингентлар ва махсус кучлари негизида КХШТ тезкор таъсир Коллектив кучлари (КСОР) тузилади. Унинг сафига ҳарбий ва махсус характердаги топшириқларни бажаришга қодир 20 000 киши жалб қилинди.

КХШТ тезкор ва жанговар тайёргарликни ошириш учун ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказиб келади. 2004 йилдан буён ҳозирга қадар «Чегара», «Ўзаро таъсир», «Бузилмас биродарлик», «Чақмоқ», «Кобальт» ва бошқа номлар билан 30 дан ортиқ турли машқлар ташкил этилди.

Фото: «Kaztag»

КХШТ ва Ўзбекистон

Ўзбекистон ташкилотнинг таъсисчиларидан бири ҳисобланса-да, КХШТ кучларидан давлатларнинг ички ихтилофларни бартараф қилиш учун фойдаланишига, ташкилотнинг Афғонистон муаммоси бўйича ҳарбий-сиёсий позициясига қарши бўлган. Шунингдек, бу масалада Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий жамияти билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

КХШТ матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон аъзолик даври давомида ташкилотнинг ҳарбий машғулотларида иштирок этишни мунтазам рад этиб келган, Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишда коллектив кучлардан фойдаланишга қатъий эътироз билдирган.

Шу боисдан, 1999 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси КХШТ Котибиятига шартномадан чиқишини маълум қилади. Бироқ кўп ўтмай аъзоликка қайтишга мажбур бўлади. Жумладан, Андижон воқеалари Ғарбнинг кескин муносабатига сабаб бўлади. Шу сабабдан, Ўзбекистон 2006 йилда зудлик билан блокка қайтади. Аммо 2012 йилга келиб, аъзоликни тўхтатади.

Қозоғистон миссияси

Қозоғистон президенти мурожаатидан сўнг КХШТ хавфсизлик Кенгаши 2022 йил 6 январдаги қарори билан 2500 кишилик коллектив кучларни юборди ҳамда заруриятга қараб, бу рақамни 3600 гача кўтарилиши мумкинлигини маълум қилди. Бош котиб БМТ, ЙХҲТ ва ШҲТни Қозоғистондаги тинчликпарварлик амалиёти ҳақида расман хабардор қилди.

Фото: «Getty Images»

Хавфсизлик кенгаши раиси Никол Пашинян КХШТнинг Коллектив кучлари Қозоғистонга чекланган вақтга мамлакатдаги ҳолатни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида кирганлигини қайд этди.

Қозоғистон ҳудудига киритилган коллектив кучлар таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари киритилди. КХШТ матбуот хизмати тинчликпарвар кучларининг асосий вазифалари муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот кучларига вазиятни барқарорлаштириш ва уни ҳуқуқий майдонга қайтаришда ёрдам беришдан иборатлигини маълум қилди.

Бироқ КХШТ қўшинларининг киритилиши миллий ва халқаро даражада кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, АҚШ Қозоғистон мустақил равишда тартибни тиклай олиши мумкинлигига ишониши, КХШТ кучлари нима учун киритилганлиги «тушунарсиз» эканлигини маълум қилди.
Нью-Йоркдаги қозоқ диаспораси вакиллари Россиянинг Манхеттендаги бош консуллиги олдида КХШТ қўшинларини Қозоғистондан олиб чиқиш учун митинг ўтказмоқда.

Шунингдек, Қирғизистонда ҳам аҳоли ҳукумати биноси олдида КХШТ қўшинлари киритилишига қарши норозилик намойишига чиқди. Намойишчилар томонидан коллектив кучлар Қозоғистон ҳудудидан олиб чиқилиши талаб қилинди.

КХШТ коллектив кучларига қарши кайфият бевосита Қозоғистоннинг ўзида ҳам кузатилмоқда. Жумладан, мамлакатнинг ғарбий қисмларида КХШТдан мустақилликни ҳимоялаш учун баррикадалар тиклашмоқда. Оқтов ва Жанаўзенда эса коллектив кучларни киритмаслик учун блокпостлар кўтарилди. КХШТ қўшинининг киритилиши мамлакат мустақиллигига таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Шунга қарамай, коллектив кучлар мамлакатга киритилиши билан вазият барқарорлашмоқда. Ҳолат барқарорлашгандан кейинги муҳим масала ҳарбий бўлинмаларнинг давлат ҳудудини қачон тарк этиши бўлиб қолмоқда.

КХШТ бош котиби Станислав Зась берган баёнотида коллектив кучларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш даври узоққа чўзилмаслигини маълум қилган. Қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши бевосита Қозоғистондаги вазиятга боғлиқ. Вазиятнинг барқарорлашиши эса бир неча кундан бир неча ҳафтага қадар чўзилиши мумкин.