Аввалроқ Тошкентда ЙПХ ходими устига машинасини ҳайдаган йигит ўқ узиб тўхтатилган эди.
Тошкентда «Malibu»си ўқотар қурол билан тўхтатилган ҳайдовчи ушланди
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида «Malibu» ўқотар қурол билан тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, автомобиль ҳайдовчиси ушланган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Қоидабузар ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, 7 январь куни туманнинг Янгишаҳар кўчаси бўйлаб 1976 йилда туғилган, кучли даражадаги маст ҳолатда бўлган фуқаро А.А. бошқарувидаги «Malibu» автотранспорти тўхтатилган. Аммо ҳайдовчи шу ерда хизмат ўтаётган ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солган ҳолда қочишга уринган.
Ходимлар ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда ўқотар қуролини қўллаган. Натижада автотранспорт воситаси мажбурий тўхтатилиб, ҳайдовчи зарарсизлантирилган. Қурол қўлланилиши оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.