9:49 | 08.01.22 124

Туркманистон президенти истеъфога чиқиши мумкин

Давлат раҳбари бошқарувни кимга топширмоқчи эканини айтган

Туркманистонда 2022 йил февраль ойи бошида мамлакат олий қонун чиқарувчи органи — Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилади. Бу ҳақда «Turkmenportal» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Таъкидланишича, Гурбангули Бердимуҳамедов навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши ҳақида 7 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида маълум қилган. Унда мамлакатни келгуси 30 йилда ривожлантириш дастурини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, 2021 йил якунлари ва 2022 йилдаги вазифалар муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Аммо, тахминий маълумотларга кўра, Халқ маслаҳатининг бу галги мажлисида кўриладиган энг асосий масала бошқа. Айтишларича, Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувини ўғлига топшириш таклифини илгари суриши мумкин.

Баъзи маълумотларга қараганда, Ашхободда навбатдан ташқари президентлик сайловлари март ойида бўлиб ўтиши ҳам мумкин. Асосий номзод эса президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов бўлади.

Аввалроқ Туркманистон президенти ўғлига ўз отини совға қилганди. Шунингдек, ўғлини 2 та янги лавозимга тайинлаган.