Туркманистон президенти мамлакатдаги «Дўзах дарвозаси» билан боғлиқ топшириқ берди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматга «Дўзах дарвозаси» билан боғлиқ муаммога ечим топишни топширди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу ҳудудда узоқ йиллардан буён жуда катта миқдорда қимматбаҳо газ ёниб келмоқда. Бундан ташқари, у атроф-муҳитга ва яқин атрофда яшовчи одамларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

Бундан ташқари, президентнинг айтишича, мамлакат хорижга сотилиши мумкин бўлган қимматли хом ашё ва фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтирилган маблағлардан маҳрум бўлмоқда. Шу муносабат билан Бердимуҳамедов газ кратери муаммосини ҳал қилиш учун илмий муҳокамалар ташкил этиш, зарурат туғилганда хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича топшириқ берган.

Қорақум чўлидаги ёнаётган газ кратери халқ томонидан «Дўзах дарвозаси» деб аталган. У Ашхободдан 260 километр шимолда жойлашган бўлиб, олимлар ва сайёҳларни ўзига тортадиган диққатга сазовор жойга айланган.

1971 йилда совет геологлари бу ҳудудда табиий газ тўпланишини аниқлаган. Улар ҳудудда қудуқ қазишга ҳаракат қилган, аммо кўчки содир бўлган. Одамлар ва ҳайвонларнинг газдан заҳарланишининг олдини олиш учун геологлар уни ёқишга қарор қилган ва вақт ўтиши билан олов пасайишига ишонган.
Бироқ газ бугунги кунда ҳам ёнмоқда. «Дўзах дарвозаси»нинг диаметри тахминан 60 метр, чуқурлиги тахминан 20 метрни ташкил қилади.

Аввалроқ Туркманистонда «Халқ итбоқари» фахрий унвони таъсис этилгани маълум қилинганди. Шунингдек, халқ итбоқарлари ҳамда хизмат кўрсатган итбоқарларга қанча маош берилиши маълум бўлганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз