Ерга Бурж Халифа биноси катталигидаги астероид яқинлашади

Ерга 18 январь куни Дубайдаги Бурж Халифа осмонўпар биноси катталигидаги астероид яқинлашади. Бу ҳақда «Science Alert» хабар берди.

Фото: «ABC News»

Маълум қилинишича, «1994 PC1» деб номланган космик объектнинг диаметри тахминан бир километрга тенг. NASA мутахассислари уни катталиги ва сайёра ёнидан мунтазам парвозлари туфайли «потенциал хавфли астероид» деб таснифлаган.

Унинг парвоз тезлиги тахминан 19,5 километр соатни ташкил қилиб, Ердан 1,93 миллион километр узоқликда учиб ўтади, бу Ойдан 5 марта узоқроқ масофа дегани.

Таъкидланишича, астероиднинг Ер ёнидан аввалги учиб ўтиши 89 йил олдин — 1933 йил 17 январда содир бўлган. Кейинги сафар у 2105 йил 18 январда Ер ёнидан учиб ўтади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай катталикдаги астероид Ерга ҳар 600 минг йилда бир марта яқинлашиши мумкин.

Астрономлар «1994 PC1» астероидини 1997 йилда, Ер атрофида учиб ўтиш вақтида қайд этишган. Унинг ўзи 1994 йилда Австралиянинг «Siding Spring» обсерваториясида очилган.

Аввалроқ Ерга йилнинг энг катта астероиди яқинлашиши айтилганди. Шунингдек, Ерга ядровий бомбадан кучлироқ астероид ва инсоният тарихидаги энг катта комета яқинлашиши маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз